Ҳаётимизни гаджетларсиз тасаввур қила олмаймиз. Улар бизга ҳамма жойда — уйда, ишда, машина, спортзал, дўкон ва дам олишда ҳамроҳлик қилади. Ягона эгалланмаган вақт ҳозирча уйқу, бироқ яқин вақт ичида унга ҳам навбат келади, деб ёзади InsiderPro.
Технологик компаниялар ўсиб бориши билан ҳар бир мижоздан даромад олишнинг янги-янги усулларини қидирмоқда. Жанг майдони эса энг чекланган ресурсингиз — вақт.
Бу кураш уйғонган вақтингиздан ухлашингизга қадар узлуксиз давом этади. Бироқ одамлар ўз вақтининг катта қисмини (офис ишчилари ва талабалардан тадбиркорларга қадар) иш ва дам олишга сарфлайди. Дунёнинг олтита энг йирик технологик компаниялари — Google, Amazon, Apple, Microsoft, Facebook ва Samsung маҳсулотларининг аксарияти айнан мазкур соҳаларга тўғри келади.
Компаниялар одатий кун фақат иш ва кўнгилочар машғулотлардан кўпроқ нарсаларни ўз ичига олишини яхши тушунади ва фаолиятнинг бошқа соҳаларини ҳам қамраб олувчи маҳсулотларни борган сари кўпроқ таклиф қилмоқда.
Фақат бир компания маҳсулотига таянувчи мижознинг вазифаси — қурилмалар ва дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари ўртасидан аниқ чегара чизмаслик. Биргина Apple мисолида кўрсак — у қурилмалар ва дастурий таъминот комбинациясини таклиф қилиб катта муваффақиятларга эришган биринчи компаниялардан бири. Apple’нинг асосий маҳсулотлари — бу телефонлар, планшетлар ва ноутбуклар. Бироқ бу бозорда ўсиш секинлашиб бориши билан компания янгилашлар ҳисобига ҳар бир қурилманинг кўпроқ сотилишига эришиш учун дастурий таъминотга кўпроқ ишонмоқда.
Масалан, уйни автоматлаштириш учун инфратузилма HomeKit, тиббий маълумотлар базаси HealthKit ва автомобилни бошқариш интерфейси CarPlay доим уларга суянишингизни кўзлайди ва сизга улар билан боғлиқ иловаларни сотади. Компания Apple TV’ни Apple Watch ёрдамида назорат қилиш имконини бериб, маҳсулотлар ўртасидаги ўзаро боғланишга интилади.
АҚШ Меҳнат статистикаси бўйича бюро маълумотларига асосланган диаграммалар куннинг маълум бир қисмига қайси маҳсулотлар мўлжалланганлигини кўрсатади.
Дастурий таъминот ва сервислар бозорининг Google каби гигантлари аксинча харидор эътиборини асосий маҳсулотларига қаратиш учун янги қурилмалар яратмоқда. Ўтган йили Pixel пайдо бўлгандан сўнг фойдаланувчилар смартфонга Ok, Google сўзлари билан мурожаат қилиб қидирув хизмати воситаларидан фойдаланиши мумкин бўлди. Android асосидаги телефонлар фойдаланувчиларга компанияни баҳолаш ёки суратларга геотеглар қўйишни таклиф қилади. Бу Google экотизимида маълумотларни тўлдириш ва фойдаланувчиларни қайтариш имконини беради.
Bloomberg Intelligence маълумотига кўра, Google ҳар йили Шимолий Америка ҳудудида ҳар бир фойдаланувчидан 152 доллар даромад қилади — бу асосан рекламадан тушган даромад. Шу тариқа, ўзингиз ҳақидаги маълумотларни Google учун қанчалик тез-тез ошкор этсангиз, компания учун мижоз сифатида шунчалик қадрлисиз. Facebook учун ҳам айнан шу қоида ишлайди — бу компания фойдаланувчидан йилига ўртача 78 доллар даромад қилади.
Бундан кейин кенгайиш учун ҳам майдон мавжуд. Биз йўлга сарфлаган вақт ҳозирча заиф қамраб олинган ва технологик гигантлар қўшимча контент ва хизматларни сотиш учун янги дарчани ҳис қилмоқда. Айнан шунинг учун уларнинг кўпчилиги автомобиль бизнесига қизиқади: автоном бошқарувдаги автомобилда бўлган мижоз фильм кўриш ёки харидларни онлайн амалга ошириш учун кўпроқ вақтга эга.
Қатъий рақобат бу ерда тийиб туриш омили эмас. Масалан, Amazon интернетдаги савдо ҳудудида етакчилик қилади ва маиший буюмларни Amazon Echo ёрдамида Alexa орқали буюртма қилишингизни истайди. Бироқ бу Google’нинг ўз сервиси Shopping Express’ни очиши, Apple’га эса контактсиз тўлов учун iPhone ва Watch қурилмаларини қўллашига тўсқинлик қилмади.
Бу соҳаларнинг барчасини қамраб олишнинг умумий даромади кутилгандан ортиқ бўлиши мумкин. Apple, Amazon, Google, Microsoft ва Facebook’нинг сунъий интеллектга эга маҳсулотлари бор. Улар маълумот тўплайди, сизга нима ёқиши мумкинлигини башорат қилиб, мазкур маълумотни сизнинг эътиборингизга ҳавола қилади. Уларнинг виртуал ёрдамчилари — Siri, Alexa, Google Assistant, Microsoft’да Cortana ва Facebook’да M — дастурлар ўртасида тобора кўпроқ боғловчилик қилмоқда.
Сутканинг фақат бир вақт оралиғи ҳозирча технологик компаниялар томонидан қамраб олинмаган — бу тунги саккиз соатлик уйқу вақти. Бироқ яқин вақт ичида барчаси ўзгариши мумкин. Масалан, яқинда Apple қиймати 150 долларлик уйқу мониторларини ишлаб чиқарувчи Beddit компаниясини сотиб олди. Уйқу учун маҳсулотга эга бўлган Apple сутка давомидаги инсон фаолиятининг деярли барча турини ўз назоратига олади. Тарихий тажрибага таянадиган бўлсак, яқин вақт ичида уйқунгизга бошқа компаниялар ҳам чанг солишини тахмин қилиш мумкин.
Изоҳ (0)