Шу йил ёзининг охирига қадар Ўзбекистонда электрон виза бериш тизими ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига асосланиб, 1News хабар бермоқда.
Мамлакатда электрон виза тизими жорий этилиши режалаштирилаётганини ўтган йил охирида ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ғайрат Фозилов маълум қилган эди. Эндиликда бу ташаббуснинг жорий этилиш муддатига аниқлик киритилди.
Таъкидланишича, янги тизим эскирган элчихоналарда навбат туриш тизимидан воз кечиш имконини беради. Саёҳатчилар барча ҳужжатлар ва анкеталарни интернет орқали жўнатиб, қисқа муддатда визага эга бўла олади.
E-Visa тизими бўйича визалар чет эл фуқароларига мамлакат аэропортларида уларнинг ҳужжат тўлдириш чоғида топширган ёзма талабномалари асосида тақдим этилади. Электрон виза учун тўловларни Visa ва MasterCard электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин.
Бундай тизим қатор мамлакатларда, жумладан, Озарбайжон ва Грузияда жорий этилган. 2017 йили Тожикистон ҳам шу тизимга ўтди.
Изоҳ (0)