БАА мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги Пара-Осиё Ўйинлари ўз якунига етди. Унда иштирок этган Ўзбекистон делегацияси 30 мамлакат спортчилари орасида 4-ўринни эгаллади.
Осий Ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар жами 28 та медални қўлга киритди. Шуларнинг 20 тасида олтин, 6 таси кумуш ва 2 таси бронза эди. Олтинлар сони пешқадам Япония делегациясида 43 тани, Эронда 39 тани ва Хитойда 27 тани ташкил қилди.
Марказий Осиёнинг қолган мамлакатлари ўнталикка кира олмади. Қозоғистон делегациясининг натижаси 6 та олтин билан 13-ўрин бўлди. Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон делегациялари эса медалларни қўлга кирита олмади.
Дубай мезбонлигида ўтган мусобақага Осиёдан 800 нафар спортчи етиб келди. Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, делегация Амирликларга бор-йўғи 17 нафар спортчи билан жўнаб кетган ва якунда 28 та медалга эга чиққан. Таиланд, Ҳиндистон, Жанубий Корея каби делегацияларда медаллар сони Ўзбекистонникидан кўпроқ бўлса-да, олтин жамғаришда улар ортда қолган.
Ўзбекистон делегацияси учун энг кўп медални енгил атлетикачи Дамир Пашаев олиб берди: 2 та олтин ва 2 та кумуш. Ёрқин Одилов ҳамда Асила Мирзаёрова каби енгил атлетикачиларнинг натижаси янада яхшироқ — 3 тадан олтин.