Дастлабки маълумотларга кўра Сурия ва Ироқдаги «фаол террорчилик» зоналарида 390 нафар қозоғистонлик болалар мавжуд, уларнинг бир қисми яқин вақт ичида ўз ватанига етказилади. Бу ҳақда Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Нургали Билисбеков маълум қилди, деб хабар берди «Интерфакс».
«Фаол террорчилик зоналарида жойлашган болаларни реабилитация қилишга қаратилган идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этилди. Айни вақтда 63 та болакай ватанига қайтарилди, яна 50 нафарининг келиши кутилмоқда… Ҳозирги пайтда Сурия—Ироқ зонасида 16 ёшгача бўлган 390 нафар бола мавжуд — 214 нафари ўғил бола ҳамда 176 нафари қиз бола», — деди Билисбеков.
Шу билан бирга унинг қўшимча қилишича, рақамлар аниқ бўлмаслиги мумкин, чунки қозоғистонликлар фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудда ва уларнинг барчаси ҳам тирик эканлиги кафолатланмаган. «Бизда бомбардимон қилинаётган зоналарда Қозоғистон фуқаролари ҳам мавжудлиги ҳақида маълумотлар бор. Рақамларни аниқлаштиришга ҳаракат қиляпмиз, бироқ бу жуда қийин иш. Чунки консуллик хизмати ҳам, ҳукумат кучлари ҳам ушбу зоналарни назорат қилмайди», — дейди Билисбеков.