Бахтга тўла таъриф бериб бўлмайди, чунки бахт кўпроқ субъектив тушунчадир. Илмий томондан ҳам бахтни ўлчашга ва ўрганишга имкон берадиган аниқ услубни топиш қийин, чунки уни келтириб чиқарадиган сабаблар ҳаммада ҳар хил. Фақатгина бахтли одамнинг ўзини тутиши ва эмоционал ҳолатининг айрим томонларини ўрганиб, унинг миясида кечаётган жараёнлар ҳақида маълум хулосаларга келса бўлади. Демак, бахт «таркибида» иккита компонент бор: ижобий эмоциялар ва бахтлиликни англаш. Энди шулардан биринчиси – ижобий эмоцияларнинг нейрофизиологик томонини кўриб чиқамиз.
Эмоциялар инсоннинг ташқи ёки ички таъсиротларга кўрсатадиган жавоб реакцияси бўлиб, уларнинг юзага чиқишида бош миянинг кўп қисмлари, асосан лимбик тизим қатнашади. Психологларнинг фикрича, ижобий эмоцияларнинг асосий сабаби инсоннинг бирор нарсадан завқланишидир. Инсонда завқланиш жараёни келиб чиқишида бир нечта нейромедиаторлар иштирок этади. Нейромедиаторлар бир нейрондан иккинчисига хабар ўтказилишини таъминловчи моддалардир. Шулардан асосийларини кўриб ўтамиз.
Дофамин
Инсонга ҳар хил ёқимли таъсиротлар таъсир этганда, нейронларда дофамин ажралиб чиқади, бу ўз навбатида завқланиш ва роҳатланиш жараёнини келтириб чиқаради, инсонда хурсандчилик ва қувонч уйғонади.Серотонин
Кайфиятни кўтарувчи нейромедиатор бўлиб, яна хотира ва уйқу жараёнларига ҳам таъсир қилади. Организмда серотонин айланиши бузилганда депрессия ва хавотир келиб чиқади.Эндорфинлар
Организмда стресс вақтида ишлаб чиқарилади ва оғриқни камайтиришга ёрдам беради.Окситоцин
Гипоталамусда ишлаб чиқарилади ва инсоннинг социал муҳитга киришиб кетиши, биров ҳақида илиқ фикрга келиши жараёнларида ёрдам беради.Норадреналин
Стресс вақтида ишлаб чиқарилади ва қўрқувни ва бошқа салбий эмоцияларни бошқаришда иштирок этади. Норадреналин таъсирида одамда юрак уришининг тезлашиши, қон босимининг ошиши кабилар кузатилади. Баъзилар учун бу ҳолат завқли ҳисобланади. Буни экстремал спорт ишқибозлари яхши билишади.Ижобий эмоцияларни фақатгина ёқимли таъсиротларгина эмас, балки биз кутмаган нарсалар ҳам келтириб чиқаради. Масалан, жисмоний иш натижасида эндорфинларга сезгир рецепторларнинг иши кучайиб кетади ва натижада кайфият кўтарилади. Жисмоний активлик депрессиянинг олдини олади.
Шундай қилиб, замонавий нейрофизиология бизга бахтнинг фақат бир қисми — маълум таъсиротлар натижасида ижобий эмоцияларнинг юзага чиқиш жараёнини тушунтириб бера олади. Бахтнинг иккинчи қисми бўлган бахтлиликни англаш тушунчаси эса ҳозирча фақат фалсафий маънога эга бўлиб, уни объектив ўрганиш фаннинг имкониятлари доирасидан ташқаридадир.
Манба: «Wmj.ru»