ЎФФ мамлакат миллий терма жамоасига бош мураббийи бўлиши мумкин бўлган номзодлар номига ойдинлик киритгач, «Дарё» ўз ўқувчилари ўртасида сўровнома ўтказиб, кўрсатилган вариантлардан қайси бири муносиброқ эканини билишга ҳаракат қилди.
Сўровнома: Сизнингча, Ўзбекистон миллий терма жамоасига ким бош мураббий бўлиши керак?
Унга кўра, Саудия Арабистони термасини ЖЧ—2018 сари етаклаб, кейин истеъфога чиққан голландиялик мутахассис Берт ван Марвейк ҳаммадан кўпроқ овоз тўплади — 25 фоиз. Яъни, сўровномада иштирок этган ўқувчиларнинг ҳар 4 нафардан бири Марвейкка овоз берган.Мутахассис 2010 йил Голландия терма жамоасини мундиалнинг финал ўйинигача етаклаб келгани билан ҳам ном қозонганди. Ўшанда нидерландиялик футболчилар ҳал қилувчи ўйинда Испаниядан енгилган — 0:1.
Сўровномада Хорватия термасидаги фаолияти билан танилган, яқиндагина «Вест Ҳэм»дан истеъфога чиққан Славен Билич 22 фоиз тўплашга муваффақ бўлди.
Овоз беришга қўйиш жараёнида мураббийлар алифбога қараб сараланганди. Шунга кўра, Антонио Контенинг ёрдамчиси бўлган ва у қадар танилмаган Анжело Алессио 15 фоиз овоз билан учинчи бўлди. Бунда овоз берувчилардан айримлар кўр-кўрона биринчи вариантни танлаганми ёки Алессиога онгли равишда шунча овоз берилганми, аниқ эмас.
Изоҳ (0)