Фотогалерея: Халқлар ва мамлакатларни ажратиб турувчи деворлар
Россия федерал хавфсизлик хизмати 17 ноябрда Қрим ва Украина ўртасида барпо этилаётган 50 километрли девор 2018 йилнинг ўртасига қадар битказилиши мумкинлигини эълон қилди. Дунёнинг бир қатор мамлакатларида халқлар ва давлатларни ажратиб турувчи деворлар бор. «Коммерсантъ» ана шундай деворлардан иборат жамланмани тақдим этди.
Буюк Хитой девори
Узунлиги 21 минг километр, баландлиги 6—7 метр, қалинлиги 5—8 метр. Қурилиши 1644 йилда тугатилган.
Рим империясидаги чегара мудофаа иншооти
Иншоотнинг бугунги кунда сақланиб қолган қисми Вал Адриана бўлиб, милоднинг 122—128 йилларида шимолдан келувчи босқинчилардан ҳимоя мақсадида қурилган. Баландлиги олти метргача етадиган иншоотнинг узунлиги 117 километрни ташкил қилади.
Кумбалгарҳ — Буюк Ҳинд девори
XV—XVI асрларда қурилган девор XIX асрда кенгайтирилган. Унинг узунлиги 38 километрни ташкил қилади. Девор ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Берлин девори
1961 йилда қурилган девор Германия Федератив Республикаси ва Германия Демократик Республикасини ажратиб турган. Узунлиги 155 километр, баландлиги 3,5 метр бўлган девор 1990 йилда бузиб ташланган. Алоҳида қисмлари эса ёдгорлик сифатида сақлаб қолинган.
Кипрдаги «яшил чизиқ»
1974 йилда Кипрнинг шимолий қисмига турк армияси бостириб кирганидан сўнг, БМТнинг Хавфсизлик кенгаши оролни икки қисмга бўлувчи тўсиқли ҳудуд («яшил чизиқ»)ни белгилаган. Ҳудуднинг узунлиги 180 километрни ташкил қилади. Алоҳида қисмларида турклар томонидан бетон ва симли тўсиқлар ўрнатилган. Тўсиқларнинг катта қисми 2000 йилда бузиб ташланган.
Жанубий Корея ва КХДР ўртасидаги девор
1977—1979 йилларда Жанубий Корея КХДР билан чегараларида шимолий қўшнининг эҳтимолий танк ҳужумидан ҳимоя мақсадида девор барпо қилган. 1953 йилда ўз ниҳоясига етган Корейс урушидан сўнг мамлакатлар узунлиги 241 километр ва эни тўрт километр бўлган ҳарбийсизлантирилган ҳудуд орқали ажратилган.
Шармандалик девори
Марокашнинг жануби-шарқида 1981—1987 йилларда ҳукумат ва Саҳро миллий-озодлик ҳаракати кучлари томонидан назорат қилинадиган ҳудудларни ажратувчи иншоотлар тизими қурилган. Тизим Ғарбий Саҳро Чети номи билан машҳур. Тизимнинг узунлиги 2575 километр бўлиб, қум уюмлари, деворлар, тўсиқлар ва бункерлардан иборат. Саҳро миллий-озодлик ҳаракати аъзолари тизимни Шармандалик девори деб атайди.
Ироқ ва Кувайт ўртасидаги девор
Ироқнинг 1990 йилда Кувайтга бостириб кириши ва Форс кўрфазидаги биринчи урушдан сўнг, БМТ раҳнамолигида икки мамлакат ўртасида ҳарбийсизлантирилган ҳудуд барпо этилган. 1991—1993 йилларда Кувайт 193 километрли чегара тўсиқларини қурган. Девор электрлаштирилган бўлиб, баландлиги 4,6 метрни ташкил қилади.
АҚШ ва Мексика ўртасидаги девор
АҚШ ва Мексика ўртасидаги деворнинг қурилиши 1991 йилда бошланган. 2006 йилда АҚШ президенти Жорж Буш узунлиги 1,1 минг километрли девор қуришни кўзда тутувчи қонунни имзолаган. Харажатлари 3,4 миллиард долларни ташкил қилган лойиҳа 2010 йилда музлатиб қўйилган. 2017 йилда қурилиш қайта бошланди. АҚШнинг 2018 йилги бюджетида девор қурилиши учун 1,6 миллиард доллар ажратилган.
Марокаш ва Испания ярим анклавлари ўртасидаги девор
1993 йилда Испаниянинг Сеута ва Мелилья ярим анклавлари ҳамда Марокаш қироллиги ўртасида девор қурилган. Биринчи деворнинг узунлиги 8,4 километр, баландлиги эса олти метрни ташкил қилади. Иккинчи деворнинг узунлиги эса 11 километр, баландлиги олти метрни ташкил қилади.
Исроил ва Фаластин ўртасидаги девор
Икки мамлакат ўртасидаги девор 2003 йилда буён қурилмоқда. Деворнинг лойиҳа узунлиги 700 километр бўлиб, баландлиги 3—8 метрни ташкил қилади. Айни пайтда деворнинг катта қисми қуриб бўлинган.
Миср ва Ғазо сектори ўртасидаги девор
Миср 2009—2011 йилларда Ғазо сектори билан чегараларда ўн километрли девор қурди. Пўлатдан тайёрланган тўсиқларнинг баландлиги 18 метр бўлиб, ер остига ҳам бир неча метр тушган.
Греция ва Туркия ўртасидаги девор
2012 йилда Греция ва Туркия ўртасидаги узунлиги ўн километр ва баландлиги икки ярим метр бўлган деворнинг қурилиши якунланган. У Европа Иттифоқи чегараларини қочоқлардан ҳимоя қилиш мақсадида барпо этилган. Лойиҳанинг қиймати уч миллион еврони ташкил қилган.
Украина ва Россия ўртасидаги девор
Украина 2014 йилда Россия билан чегараларида узунлиги қарийб икки минг километр бўлган девор қуришни бошлади. 2017 йилнинг январь ойида қурилиш музлатилган. Жорий йилнинг сентябрь ойига келиб эса Россия ФХХ Қрим ва Украина ўртасида 50 километрли тўсиқ қурмоқчи эканлиги маълум бўлди.
Изоҳ (0)