21 октябрь тил байрами экан, шу муносабат билан тилнинг долзарб муаммоларидан бирини эсга олдим.
20 октябрь куни, “Тил тўғрисида”ги қонун қабул қилинишининг 28 йиллиги арафасида Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари” мавзуидаги илмий конференция бўлиб ўтди. Дастлаб ушбу анжуман доирасида ислоҳ этилган лотин алифбоси лойиҳаси муҳокамаси ўтказилиши юзасидан ахборот берилган эди, аммо кейинроқ баъзи сабабларга кўра имло масаласи бўйича алоҳида тадбир ташкил этилиши айтилди.
Шунга қарамай, янги алифбо интернетда эълон қилиб бўлинган эди ва, гарчи унга расмий анжуман залларидан жой топилмаган эса-да, лойиҳа Facebook саҳифаларида муҳокама қилиб бўлинди. Билдирилган турли-туман фикрларни умумийлаштириб айтадиган бўлсак, муҳокамаларнинг кўпчилик иштирокчилари амалга оширилган ўзгаришлардан қониқмаганини пайқаш қийин эмас. Асосли танқиднинг фойдасини тан олган ҳолда, айримлар ортиқча ҳиссиётга берилиб кетаётганига бефарқ қараб тура олмадим.
Гоҳида баҳс иштирокчилари эътирозларини алифбо лойиҳаси устида ишлаган тил комиссияси аъзоларига кўчириб, уларни билимсизликда, масъулиятсизликда айблаганини кўрдим. Ишонинг, комиссия иштирокчилари соҳанинг етук мутахассислари, устоз олимлар ва яхши инсонлардир. Лекин асл масала бошқа: улар томонидан тайёрланган алифбо лойиҳаси каттакон ўзгаришларни кутган фуқароларни ҳафсаласини пир қилган бўлса, муаммо комиссия олдида турган миссиядадир? Топшириқни берган ҳукумат тилшуносларнинг олдига қандай вазифаларни қўйган эди? Балки улардан катта ўзгаришларни амалга ошириш эмас, кичик техник тузатишлар киритиш талаб этилгандир? Уларнинг нуқтаи назари бошқа-ю, талаб бошқа бўлса-чи? Бу саволларга жавобларни билмай туриб хулоса қилишга шошилмаган бўлар эдим. Қолаверса, узоқ йиллардан буён биринчи марта ушбу комиссия тил ва имло муаммоларини кенг омма муҳокамасига олиб чиққанининг ўзиёқ катта силжиш бўлганини эътироф этиш керак.
Энди лойиҳанинг ўзига тўхталсам. Бир қарашда кўзга ташланадиган жиҳат — аввал-бошидан айтилганидек, таклиф этилаётган тузатмалардан кўзланган бирламчи мақсад ёзувнинг техник қулайлигини таъминлаш бўлган. Бундан ташқари, товуш таркибига дахлдор кичик бир штрих ҳам лойиҳадан ўрин олган.
Биринчи навбатда диграфлардан (қўштовушлардан) ва апострофли ҳарфлардан воз кечиб, ўрнига мавжуд графемаларни диакритика билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Жумладан, Sh — Ş, Ch — Ç, O‘ — Ŏ, G‘ — Ğ шаклида ёзилиши кўзда тутилган.
Умуман, комиссия иши бошланганидан буён жуда катта урғу диграфларга берилди, улар ноқулайлик туғдириши, товушларни битта ҳарф билан ифодалаш мақсадга мувофиқлиги қайта-қайта уқтирилди. Лекин бундай ёндашувга қўшилмаган бўлардим. “Қулайлик” деганда нимани тушунамиз ўзи? Билишимча, ислоҳот тарафдорлари битта фонемани ифодалаш учун иккита ҳарфни босишни, яъни клавиатурада иккита ҳаракатни амалга оширишни “ноқулайлик” санамоқда. Унда савол туғилади: лотинча стандарт QWERTY клавиатурасида мавжуд бўлмаган диакритикали ҳарфларни киритиш, бунинг учун янги дастурий таъминот ишлаб чиқиш, янги белгилар жойлашувига ўрганиш “ноқулайлик” эмасми?
Шу йўлдан борган халқлар тажрибасини ўргансак, қизиқ тенденцияга гувоҳ бўламиз. Хусусан, туркларда Ş, Ç, Ö, Ğ, Ü, İ диакритикали ҳарфлари мавжуд, лекин улар клавиатуранинг бир чеккасида жойлашгани боис қўл ўрганиши учун қийинчилик туғдиради. Бунинг натижасида интернетдаги матнларда, ёзишма ва суҳбатларда турклар уларни деярли ишлатмайди, ўрнига S, C, O, G, U, I қўлланади, сўз маъноси эса контекстга қараб тушунилиб кетаверади. Юқорида келтирилган ҳарфларнинг ўзбек лотинчасига киритилиши бизда ҳам шундай ҳолатни келтириб чиқармасмикин? Узоққа бормайлик, ўзбекча кирилл ёзувидаги “Ў”, “Қ”, “Ғ”, “Ҳ”лардан ёзишмаларда ва ҳаттоки баъзи идораларнинг расмий хатларида деярли фойдаланилмайди. Менимча, ёзувдаги ҳамма белгилар дунёнинг исталган четидаги клавиатурадан топилишининг ўзиёқ ўзбек лотинчасининг қулайлиги ва улкан ютуғидир.
Қизиғи, Ng қўшҳарфининг сақлаб қолингани тил комиссияси фаолиятининг диграфлардан қутулиш йўналишига зид келади. Бу қарор нега қабул қилинган — менга қоронғу. Юқоридаги мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, Ng ўрнига Ŋ эписемасини кутиш лозим эди.
Ниҳоят, тилшунослар “Ц” товушини ифодалаш учун C ҳарфини жорий этишни режалаштирмоқда. Мазкур банд ҳам мен учун тушунарсиз бўлди, негаки бу фақат техник ўзгариш киритиш концепциясидан четга чиқиб, тилнинг фонетик таркибига ҳам таъсир ўтказишни назарда тутади. Адабий тил талаффуз меъёрларини янгилаш имкони бор экан, унда бошқа фонетик муаммоларни ҳам бирваракайига ҳал қилган маъқул эмасми? H/X дилеммаси, олд ва орқа қатор унлилари масаласи ўзбек сўзлашув тилида мутлақо ишлатилмайдиган “Ц” фонемасини қайтаришдан кўра муҳимроқ, назаримда.
Юқоридагилар менинг шахсий мулоҳазаларим эди. Тил, ёзув масаласида мутлақо холис, барчага маъқул фикрни айтиш — имконсиз иш. Ўз кўз қарашимни эса олдинроқ батафсил айтиб бўлганман — бирйўла катта янгилик киритиш, шевалар товуш таркибини ёзувда акс эттириш тарафдориман. Мана шундай жиддий инновация амалга оширилмас экан, икки-учта кичик тузатиш баҳонасида ёзув тизимини ислоҳ қилиш, яна бир авлодни қайтадан алифбо ўрганишга мажбур этиш самарасиз йўлдир. Ўзгаришлар катта бўлсагина жиддий натижа кутиш мумкин, ана шунда диакритика ҳам, янги товушлар ҳам асосга эга бўлади ва ўз ўрнини топади.
Ниҳоят, янги алифбонинг жорий этилиши матн билан боғлиқ ҳамма нарсанинг алмаштирилишини тақозо этади: кўчадаги пешлавҳалар, эълонлар, жой номлари, бошқа шаклдаги кўча ёзувларидан тортиб, дарсликлар, даврий матбуот нашрлари, газета-журналларгача — бари-бари алмашиши керак. Бу ишларни бажариш учун давлат бюджетидан қанча пул кетишини аниқ айта олмайман, лекин харажатлар катта бўлишига шубҳам йўқ.
PS: Масаланинг бошқа қирралари ҳам бор, албатта. Ана шундай масалалардан бири ҳақида қизиқарли материал.
Изоҳ (0)