Наманганнинг «Навбаҳор» клуби футболчилари 28 сентябрь куни пахта даласига чиқарилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
Бунда футболчиларга жамоа бош мураббийи Илҳом Мўминжоновдан тортиб, барча ишчи-ходимларгача кўмаклашмоқда. Шунингдек, стадион маъмурияти ҳам пахта даласига чиққан. Футболчилар пайшанба куни бу ишга қўл урган бўлса, қолган ишчи ходимлар дам олиш кунлари пахта даласи билан юзлашади.
Пахтани нес нобуд қилмай теришда фермерларимизга ҳашарчилар яқиндан ёрдам бериб келишмоқда, деб ёзган «Навбаҳор» матбуот хизмати.
«Навбаҳор» Олий Лиганинг 23-турида Тошкентнинг «Пахтакор» клубини қабул қилади. Айни пайтда Наманган клуби мавсум давомида уй учрашувларини бой бермаган Олий Лиганинг ягона аъзоси бўлиб турибди.
Изоҳ (0)