Сирдарё вилояти Мирзаобод туман кенгаши депутатлари Машраббой Абдуваҳобов ва Абдусалом Мирраҳимовнинг ваколатлари муддатидан олдин тугатилди. Бу ҳақда, «XXI аср» газетасига асосланиб, Uz24 хабар қилди.
ЎзЛиДеП Сирдарё вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Фахриддин Абдусатторовнинг сўзларига кўра, уларни депутатликдан муддатидан аввал чақириб олиш ҳақида Халқ депутатлари туман кенгашига ёзма равишда мурожаат қилинган. Бунга икки депутатнинг зиммасидаги бурч ва масъулиятга совуққонлик билан қарагани сабаб қилиб келтирилган.
«Фаолияти қониқарсиз бўлган бошқа депутатларимизнинг ҳам масаласи кўриб чиқиляпти», — деди Ф. Абдусатторов.
ЎзЛиДеПдан Халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгашига 19 нафар, туман ва шаҳар кенгашларига эса 107 нафар депутат сайланган. Масъулларнинг маълум қилишича, вилоят Кенгашидаги депутатлардан икки нафари, туман ва шаҳар кенгашларидаги партия вакилларидан 11 нафари партия билан алоқани буткул узиб қўйган.
Изоҳ (0)