Испания марказий ҳукумати Кататонияга қўшимча полиция кучларини олиб келмоқда. 1 октябрга мўлжалланган мустақиллик референдуми ва шу муносабат билан ўтказилаётган оммавий намойишлар бунга сабаб бўлмоқда, деб хабар беради «Корреспондент.net».
Айтилишича, Каталонияга қўшимча куч сифатида 4 минг полициячи йўлланди. Улар мухториятга етиб келган 5 минг полициячига қўшилади.
«Уларга жамоат жойларини кузатиш ва тартиб сақлаш топширилади, улар ноқонуний референдум ўтказилган тақдирда ҳам ишга солинади», — дейилади мамлакат ИИВ баёнотида.
Илгарироқ Испания фуқаролик гвардияси Каталония маъмурияти офисларида тинтув ўтказгани, бир қанча расмий шахсларни ушлагани, шунингдек, референдум учун тайёрланган 10 миллионта бюллетенни мусодара этгани маълум қилинган эди.