4 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси «Ўқитишнинг инновацион методларини жорий қилиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорни қабул қилган эди. Ҳужжатга кўра, 2018 йил 1 январидан эътиборан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларининг ҳайдовчилари ҳар икки йилда малака ошириш курсларидан ўтиши белгиланган, деб эслатади «Газета.uz».
Бу курслар Avtotest Report ўқув мажмуасининг сертификати билан тасдиқланади. У 1 январдан эътиборан Ўзбекистон бўйлаб жисмоний шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқарувчи ҳайдовчилар малакасини ошириш ҳуқуқига эга ягона ташкилотга айланади.
Жисмоний шахсларга тегишли машиналар ҳайдовчилари айнан шу автомактаб сертификатига эга бўлиш талаби Ўзбекистон йўл ҳаракати қоидаларига ҳамда транспорт воситаларини мажбурий техник назоратдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга киритилади. Кейинги йилнинг 1 июлидан бундай сертификатга эга бўлмай туриб жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситаларининг бошқарилиши маъмурий жавобгарликка тортилади.
Қарорда кўрсатилишича, ҳайдовчилар малакасини ошириш тадбирларини молиялаштириш иш берувчиларнинг ўз маблағлари, бюджет ташкилотларида эса бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Бунда Avtotest ўқув қўлланмалари ва бошқа ўқув воситалари нархи таълим муассасалари хизматлари таннархига киритилиши лозим.
Ҳукуматнинг бу қарори ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларни келтириб чиқарди. Қарорда ЙТҲларда кўп ҳолларда юридик шахсларга тегишли машиналар иштирок этаётгани таъкидланган эди. Фойдаланувчилар буни тасдиқловчи статистик маълумотлар бор-йўқлигига қизиқиш билдирди.
15 сентябрь куни Халқаро пресс-клуб йиғилишида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов бу масала қайта ўрганиб чиқилиши лозимлигини таъкидлади.
«Қизиқ савол, нега айна бир ташкилотга топширилди. Гўёки монополия юзага келмоқда. Шунинг учун, ўйлайманки, бу масала тегишли органлар томонидан ўрганиб чиқилиши лозим. Ҳали кеч эмас, биз (Савдо-саноат палатаси) қўшима таклиф киритишимиз мумкин», — деди у.
Ислом Жасимов Ўзбекистонда алоҳида давлат хизматлари секин-аста тадбиркорлик субъектларига топширилаётганини эслатиб ўтди. Аммо, шунга қарамай, Савдо-саноат палатаси эксперт кенгашида бу масалани кўтаришга ҳаракат қилиб кўради.
«Биз ўз томонимиздан, агар имконият бўлса, халқаро экспертлар ва бизнинг тадбиркорлар иштирокидаги эксперт кенгашида буни муҳокама қиламиз ва ҳукуматга ўз таклифимизни киритамиз», — деди у.
Изоҳ (0)