Марказий банк сўмни «эркин сузиш»га қўйиб юборганлигига бир ҳафта бўлди ва валюта конвертацияси юридик шахслар учун ҳам, жисмоний шахслар учун ҳам ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилмоқда. Uz24 эксперт Александр Давлетовнинг валютани конверсион картага харид қилиши борасидаги фикрлари билан бўлишди.
Валютани харид қилиш ёки сотиш бўйича юридик шахслар томонидан ҳозирча ҳеч қандай муаммоли масалалар юзага келмаяпти.
Конвертация «очилганлиги»нинг биринчи кунлари аҳоли томонидан ажиотаж кузатилган ва алмашув пунктларида валюта сотиш бўйича навбатлар юзага келган бўлса, ҳозир валюта васвасаси йўққа чиқди. Тижорат банкларининг маълум қилишича, расмий алмашув курслари очилган биринчи кун билан таққослаганда жисмоний шахсларнинг валюта харид қилиш ҳажми бир неча маротаба пасайиб кетган — бунга операцион кунлар ва иш режимининг узайтирилиши ҳам ижобий таъсир кўрсатмаган.
Аҳоли томонидан чет эл валютаси сотиб олиш ҳажмининг пасайиши — эҳтимол нормал ҳолатдир. Бироқ тижорат банкларида 8 000 сўмдан бўлгани ҳолда «қора» бозорда нақд доллар 8 050 сўмдан ортиққа харид қилинаётганлиги факти сергаклантиради. Шу тариқа, «қора» бозор валюта сиёсатининг ўзгаришига жавоб қайтарди, тижорат банклари эса реал конюнктурадан ортда қола бошлади. Янги 50 минглик купюра эффекти массани ҳал қилишга ортиқ таъсир кўрсатмаяпти. Эҳтимол нақд долларни алмаштириш бўйича транзакция ва муомаланинг маълум бир қисми яна «қора» бозорга қайтгандир? Ўйланишга арзийди.
Айни пайтда, қайта-қайта тушунтиришлар, жумладан Марказий банк тушунтиришларига қарамасдан, жисмоний шахслар биринчи навбатда валютанинг фақат конверсион карталар орқали сотилаётганидан шикоят қилмоқда. Четдан қараганда, бу ёш болалар инжиқлигидек кўриниши мумкин, бироқ ҳисоб-китоб қилиб кўрилганда, улар қисман ҳақ эканлигини кўриш мумкин.
Конверсион карталар ёрдамида валюта харид қилиш таннархи калкульяцияси
Ҳисоб-китоблар Марказий банк сайтида тақдим этилган маълумотлар, шунингдек, тижорат банклари тарифлари асосида келтирилган.
Агар мижоз — жисмоний шахс конверсион картага 200 доллар харид қилса, улар унга суғурта депозитини ҳисобга олганда 1 доллари 9 175,99 сўмдан, суғурта депозити ҳисобга олинмаганда эса 1 доллари 10 201,98 сўмдан тушади. Харид суммасининг ошиб бориши билан доллар курсининг «соф таннархи» аста-секин пасайиб боради. Масалан, конверсион операция ҳажми 1000 долларни ташкил қилса, мижоз бир доллар учун суғурта депозитини ҳисобга олганда 8 419,93 сўм ёки суғурта депозитини ҳисобга олмаганда бир доллар учун 8 449,93 сўм тўлайди.
Шу билан бир пайтда «қора» бозордаги сотувчилар валютани ўртача 8 200 сўм курс бўйича сотмоқда. Натижа равшан.
Нима қилиш керак?
Ҳеч қандай ҳолатда баъзилар тавсия қилаётгандек тижорат банкларининг комиссион тўловларини пасайтириш ёки хизматни текин қилиб қўйиш керак эмас — буни бозор ҳал қилиши лозим. Тижорат банки даромад қилмаса, тижоратлаштириш, у билан бирга рағбат ҳам ўлади.
Биринчидан, талаб ва таклифга қараб тижорат банкларида валюта сотиш ва харид қилиш ўртасидаги фарқни пасайтириш зарур. Валюта хавфини банкларнинг ўзи бошқариши лозим, президентнинг 2 сентябрь кунги фармони уларга ана шундай ҳуқуқни беради. Яъни банклар бозор амалиётига қараб харид қилиш ва сотиш курсларини тезкор ўзгартириб бориши лозим. Масалан, бугун жисмоний шахслардан валюта сотиб олиш курси «қора» бозордагидан бир неча ўн сўмга арзон. Шундай экан, тижорат банкларида жисмоний шахсларга валюта сотиш курси (таннархни ҳисобга олганда) «қора» бозорникидан бир неча ўн — эҳтимол юз сўмга баландроқ.
Иккинчидан, жисмоний шахслар бирор бир банкнинг конвертацион картасига эга бўлса, уларга исталган банкда валютани ушбу карталарга ўтказиш йўли билан харид қилиш имкониятини бериш керак. Бу валюта харид қилувчиларнинг транзакцион харажатларини камайтиради.
Ва ниҳоят, учинчидан, конверсион карталар орқали онлайн-харидларни амалга ошириш ва валютани чет элдаги жисмоний шахслар номига ўтказишга рухсат бериш керак. Биринчи навбатда, фарзандларининг таълим олишига қонуний йўл билан пул ўтказишни истовчиларга.
Изоҳ (0)