АҚШ президенти Дональд Трамп Кубага нисбатан савдо чекловларини 2018 йил 24 сентябрга қадар узайтирди, шу билан бирга, уларни енгиллатиш бўйича ваколатларни ҳам сақлаб қолди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
Гап 1917 йилда кучга кирган ва АҚШга қарши душманлик кайфиятидаги давлатлар билан савдони чеклашга имкон берувчи қонун ҳақида кетмоқда. Ҳозирда Куба мазкур қонун тааллуқли бўлган дунёдаги ягона давлат бўлиб турибди. 2008 йилда бу рўйхатдан ҳатто Шимолий Корея ҳам чиқарилганди.
«Ушбу қонун асосида жорий этилган эмбарго муддати шу йил 14 сентябрда якунланади. Кубага нисбатан чеклов чораларини яна бир йилга узайтириш ҳақида қарор қабул қилдим. Бу Қўшма Штатлар манфаатлари учун хизмат қилади, деб ўйлайман», — таъкидлади Трамп.