Каталониянинг «Барселона» клуби ва ниҳоят Усман Дембелени харид қилди. Бунинг учун испан клуби Дортмунд «Боруссия»си ҳисоб рақамига 105 миллион евро ўтказиб берди. Қўшимчасига, Дембеле янги клубида ўзини кўрсатишига қараб, трансфер суммасининг 40 фоизигача «Боруссия»га яна фойда келтириши мумкин.
20 ёшли франциялик футболчи «Барселона» билан 5 йиллик келишувга эришди. Эндиликда унинг товон пули 400 миллион еврони ташкил қилади.
«Барселона» расмий сайтининг хабар беришича, Дембеле 27 август — якшанба куни Испанияга етиб келади ва душанба куни тиббий кўрикдан ўтади, сўнг шартномага расман имзо чекади.
«Боруссия Дортмунд» ўтган мавсум аввалида Дембелени 15 миллион еврога харид қилганди. Битта мавсум давомида футболчи Бундеслига клуби учун 50 та ўйинда майдонга тушди ва 10 та гол урди. Шунингдек, 22 та голли узатмани амалга оширди.
Дембеле «Барселона»да Неймар бўш қолдирган 11-рақамда ҳаракат қилади.
Le Télégramme нашрининг маълумот беришича, Дембелени 1 йил муқаддам Бундеслига вакилига пуллаган Франциянинг «Ренн» клуби энди энг камида яна 25 миллион евро ишлаб олади. Боиси францияликлар футболчининг эҳтимолий янги трансферидан тушадиган пулдан фоиз олувчи келишувга эришганди.
Изоҳ (0)