«Тахтлар ўйини» сериалининг британиялик ишқибозлари хаски итларини жониворлар учун бошпаналарга топшира бошлади. Юзлаб итлар бошпаналарга қайтариб берилди, деб хабар қилади Daily Mail.
Фэнтези жанридаги ушбу сериалда хаски итлари оддий бўрилардан бир неча баробар катта бўладиган дайрвулфлар ролида ижро этган. Бу жониворлар Старклар оиласининг рамзи ҳисобланади, оила бошлиғи — Эддарднинг олти фарзандидан ҳар бирига биттадан дайрвулф совға қилинади.
Жониворларни ҳимоя қилиш ташкилотлари ўз вақтида сериал ишқибозлари оммавий тарзда хаскиларни сотиб олаётганидан хавотир билдирган эди. Бу итлар тор хонадонларда яшай олмайди — уларни доимий равишда айланишга олиб чиқиб туриш лозим, акс ҳолда улар зерикиб, мебелга зарар етказа бошлайди.
Буюк Британияда қисқа муддатда бир неча юз хаски жониворлар бошпаналарига топширилди.
«Тахтлар ўйини» юлдузи Питер Динклэйж PETA жониворларни ҳимоя қилиш ташкилоти билан биргаликда мухлисларга мурожаат қилиб, хаскиларни сотиб олишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришни маслаҳат берди.