Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 23 август куни Россия ҳукумати раиси Дмитрий Медведевнинг биринчи ўринбосари Игорь Шуваловни қабул қилди. Бу ҳақда Президентнинг расмий сайтида маълум қилинди.
Давлат раҳбари меҳмонни Ўзбекистонга ташрифи билан қутлар экан, Шуваловни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг Россия томонидан раиси этиб тайинлангани билан табриклади.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида амалий ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, юқори технологияли соҳалардаги инвестицион лойиҳалар ва янги истиқболли дастурлар ижросини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шувалов самимий қабул учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдириб, Россия президенти Владимир Путин ва бош вазири Дмитрий Медведевнинг салом ва эзгу тилакларини изҳор этди. Ҳукумат раисининг биринчи ўринбосари Россия Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни бундан буён ҳам стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида ривожлантириб, мустаҳкамлаб боришга тайёр эканини таъкидлади.
Изоҳ (0)