Барселонадан Мадрид шаҳрига #tour_de_clasico саёҳатчилари тезюрар поездда етиб келди. 14 август тонгида Испания пойтахтидан бошланган сафар, 16 август кунги «Эль-Класико» билан якунига етади ва футбол мухлислари гўзал Париж сари йўл олади.
Мадрид ва Барселона бир-биридан катта фарқ қилади. Гарчи пойтахт бўлса-да, Мадрид кўриниш ва қулайлик борасида Барселона билан тенглашиши қийинроқ. Туризмнинг ривожланганлик даражаси Барселонага катта фойда келтирган. Оддий мисол, Барселона аҳолиси инглиз тилидаги саволингизга жавоб қайтаришга қийналмайди. Мадридда эса улар асосан испан тилида тушунтиришга ҳаракат қилади.
Барселонанинг денгиз бўйида жойлашган порт шаҳар экани ҳам муҳим ўрин тутади. Унинг гўзал табиати туристларни ўзига жалб қила олади. Шаҳарда туризм ривожини тақиқлашни истаётган маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам етарлича, улар бу борада акциялар бошлаган. Аммо қийин бўлади, боиси саёҳатчилар орқали келаётган даромадни шунчаки йўқотиб қўйишни истамайдиганлар ҳам бор.
Мадрид музейлар, ҳайкаллар, фавворалар шаҳрига ўхшаб кетади. Саёҳатлари давомида маданий ва маърифий соҳаларга катта урғу берадиган сайёҳлар ундан роҳат олиши мумкин.
«Сантьяго Бернабеу»
Азимут Туризм саёҳатчилари учун Мадриднинг бош стадиони — «Сантьяго Барнабеу»дан унча узоқ бўлмаган жойдан меҳмонхона тайёрлаганди. Бу «Реал» ўйингоҳига пиёда 10 дақиқага қолмай етиб бориш мумкин.
Мана энди стадион ҳақида гап кетганида, «Реал» ўйингоҳи «Барселона»никидан анча замонавийроқ ва янгироқ. Тан олиш керак, «Камп Ноу» қанчалик маҳобатли бўлмасин, таъмирталаб жойлари бор. Раҳбарият режаларида бу аренани капитал таъмирдан чиқариш вазифаси бор. Қизиқ томони, «Реал» ҳам ортда қолиб кетмаслик учун мана шу замонавий стадионини янада кўркамроқ қилиш тадоригини кўриб қўйган.
Худди «Камп Ноу»да бўлгани каби, «Қироллик клуби» ҳам саёҳатчилар ташрифидан катта пул ишлайди. Унинг шонли тарихи, ички қисми ва бор бўйини кўриш истагида бутун дунёдан саёҳатчилар оқиб келади. Ҳатто футболга у қадар қизиқмайдиган одамлар ҳам Мадрид сафари давомида «Сантьяго Бернабеу»га бир кириб ўтади.
Изоҳ (0)