Шавкат Мирзиёев шу йил 20–21 январь кунлари Қорақалпоғистонга қилган сафари чоғида Шуманай тумани аҳолиси билан учрашиб, ушбу ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш даражасини юксалтириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берган эди. Мулоқотда ёш тадбиркор Сейдабулла Медетов томонидан ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оширишга ҳисса қўшиш мақсадида китоб сотишга ихтисослашган марказ ташкил этишга ер ажратиш юзасидан таклиф билдирганди. Давлат раҳбари томонидан унинг ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда шу куннинг ўзида нафақат ер ажратилди, балки мажмуани қуриш учун ҳомийлик асосида 500 миллион сўм маблағ ҳам берилди. Бу ҳақда «Дарё»га Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги маълум қилди.
Бугунги кунда тадбиркор томонидан икки қаватли, умумий майдони 600 квадрат метр бўлган замонавий мажмуа қуриб битказилди ва фойдаланишга топширилиши арафасида.
Шу муносабат билан 8 август куни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев «Шуманай китоблар олами» хусусий корхонаси раҳбари Сейдабулла Медетовни қабул қилди. Учрашувда тадбиркорга тизимдаги нашриётлар томонидан нашр этилган бир неча миллион сўмлик китоблар ажратилди ҳамда сара адабиёт ва девонхона молларини тўғридан-тўғри етказиб беришга келишилди.
Тез кунларда «Шуманай китоблар олами» мажмуаси очилиши кутилмоқда.