Россия бош вазирининг ўринбосари Дмитрий Рогозин 28 июль куни S7 йўловчи самолётида Кишинёвга йўл олган эди, аммо самолёт Руминияга қўйилмади ва ортга қайтишга мажбур бўлди. Ёқилғи Москвага етмагани боис лайнер Минскда қўнди, деб хабар беради Meduza.
Рогозин Молдовага мамлакат президенти Игорь Додон таклифи билан Днестрбўйидаги тинчликпарвар операция бошланганининг 25 йиллигини нишонлаш тадбирларида иштирок этиш учун кетаётган эди. Сафардан олдин Рогозинни у Кишинёв ёки Тирасполга ҳарбий самолётда учиб кела олмаслигидан огоҳлантиришди. Аммо у Twitter’да ҳеч қандай тақиқларни тушунмаслигини ёзди:
«Тушунмадим, ким менга нимани тақиқлади? Албатта учиб бораман. Молдова президенти ва Днестрбўйи Молдован Республикаси раҳбарияти билан учрашамиз».
Молдова бош вазири Павел Филип ҳам Рогозин ҳарбий самолётдан воз кечиб, оддий рейсда келса, унинг мамлакатга киришини тақиқламасликларини билдирди. Россиялик амалдор эса вертолёт ёки мотоциклни танлашини айтди.
Натижада Рогозин фуқаролик самолётида учиб кетди. 28 июль куни эрталаб у Руснинг христиан динига ўтиш санасини Кишинёвда нишонлашга ваъда берди, парвоз арафасида эса Молдова расмийлари S7 рейсини тақиқлашга уринганини хабар қилди.
Самолёт учиб чиқди, аммо Руминия чегарасидан ортга қайтишга мажбур бўлди.
Рогозин Руминия расмийлари йўловчиларни хавф остига қўйди деб ҳисобламоқда.
«Жавобни кутинг, ярамаслар», — деб ёзди у ижтимоий тармоқда.
Изоҳ (0)