Голливуд юлдузи Леонардо ди Каприо ўн йил аввал Белиздаги кичик оролни сотиб олган эди, деб ёзади «Фотошедеври». Ўшандаёқ актёр уни атроф-муҳитни қайта тикловчи дунёдаги илк курортга айлантиришни режалаштирганди.
Леонардо экология тизимини тозалаш тарафдори эканлигини ҳамма яхши билади. Курорт қурилиши атрофдаги сувларни тозалаб, бузилган қирғоқ чизиғини қайта тиклашни кўзда тутади.
Ди Каприо таътил чоғида шу оролга бориб қолган ва балиқчилар экотизимни бузаётганини тушунган. Бу уни оролни сотиб олишга ундаган. Барча ишлар тугагач, оролда янгиланувчи энергия манбалари ишлайди.
Айни пайтда оролдан қолган нарсаларни сақлаб қолиш учун у қайта тикланмоқда. Қайта тиклаш ишларини 2018 йилда якунлаш режалаштирилмоқда. Орол ташрифчилари учун қатъий қоидалар жорий этилади.
Актёрнинг лойиҳасига кўра, оролга ёйсимон платформа бириктирилади, у ерда виллалар ва сунъий қоялар бўлади, балиқлар бемалол сузиб юради. Оролда 68 та вилла ва 48 та алоҳида уй бўлади, уларнинг ҳар бири 5 дан 15 миллион долларгача нархда бўлади.
Изоҳ (0)