Хоразмда Ўзбекистон халқ артисти, «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Шавкат Мирзиёев 2016 йил ноябрь ойида Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашувда Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигини кенг нишонлаш, машҳур ҳофиз номи билан аталадиган замонавий ижод маркази, гўзал боғ ташкил этиш таклифини билдирган эди. Ўтган вақт давомида шу санага бағишлаб кўплаб тадбирлар ўтказилди. Пойтахтда санъаткор таваллуди санасига бағишлаб адабий-мусиқий тадбир ташкил этилди.
Улуғ санъаткор туғилиб вояга етган Шовот туманида Комилжон Отаниёзов номидаги маданият ва истироҳат боғи реконструкция қилиниб, ҳар томонлама обод масканга айлантирилди. Урганчда унинг хотираси билан аталган боғ ва ижод маркази, уй-музейи ташкил этилди. Ҳофиз сиймоси акс эттирилган ёдгорлик ўрнатилди.
Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган тадбир ҳофиз қабрини зиёрат қилишдан бошланди.
Огаҳий номидаги Хоразм вилояти мусиқали драма театрида хотира кечаси бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллик байрами қатнашчиларига табригини Президентнинг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.
Хоразм сувора ва мақомлари, халқ ашулалари ва достонларининг моҳир ижрочиси Комилжон Отаниёзов асос солган мактаб ёш ижрочилар учун ўзига хос маҳорат мактаби бўлиб келаётгани алоҳида таъкидланди.
Тадбирда бадиий жамоалар, хонандалар томонидан Комилжон Отаниёзов ижодий меросидан намуналар ижро этилди. «Уч бўстон булбули» номли спектакль, ҳофиз ҳаёти ва ижодига бағишланган видеофильм намойиш этилди.
Изоҳ (0)