Голливуд фильмлари Шимолий Америкада шиддат билан ишқибозларини йўқотиб бормоқда, аммо чет элда борган сайин кўпроқ кинозалларни тўлдирмоқда. Бу ҳақда, The Wall Street Journal нашрига асосланиб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
Бундай тенденция Шимолий Америка кинопрокатида 2017 йил бошидан буён кузатилмоқда. «Трансформерлар: Охирги рицарь» бунга яққол далил бўлди: АҚШда биринчи уик-энд учун касса йиғимлари 69 миллион долларни ташкил қилган бўлиб, бу франшизанинг бундан олдинги фильми (2014) кўрсаткичларидан 31 фоизга кам. Хитойда эса фильм шу давр ичида 123,4 миллион доллар ишлаб топди. Картинанинг умумий касса йиғимлари шу пайтга қадар 265 миллион долларга етди.
«Форсаж 8», «Кариб денгизи қароқчилари: Марҳумлар эртак айтмайди», «Мумия 3» ҳам шу каби натижалар қайд қилди. Улар ишлаб чиқарувчиларга деярли даромад келтирмади.
Чет эл прокатида эса касса йиғимлари анча яхши кўрсаткичлар қайд қилмоқда, лекин бу киночиларнинг молиявий аҳволини яхшиламаяпти. Гап шундаки, АҚШда киностудиялар чипта харидлари тушумининг 60 фоизини олади, чет элда эса бу кўрсаткичлар анча паст даражада. Масалан, Хитойда кинотеатрлар даромадининг чорак қисмигина кинокомпанияларга тақдим этилади.
Изоҳ (0)