25 июнь куни Андижон шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегацияларининг топография ва ер тузиш ишчи гуруҳи ўртасида Ўзбекистон–Қирғизистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича музокаралар самарали якунланди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат чегараси тўғрисидаги оралиқ битимга киритиладиган чегара чизиғи узунлигини аниқлашни тезлаштириш мақсадида техник ва жисмоний фаолият ҳажмининг катталигини инобатга олган ҳолда ҳамда Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари билан Қирғизистоннинг Боткен, Жалолобод ва Ўш вилоятлари туташган ҳудудлардаги давлатлар чегараларининг муҳокама қилинадиган участкаларини мураккаблиги сабабли ўзаро келишувга биноан музокаралар ўтказиш, қўшма дала текширувлари ва геодезиявий ҳисоблаш ишлари муддати икки кунга чўзилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қирғизистонлик ҳамкасби Алмазбек Атамбаев билан 2017 йил 9 июнда Остона шаҳрида ШҲТ саммити доирасида бўлиб ўтган учрашувида эришилган келишувлар натижасида юзага келган конструктив қараш ва ишчан муҳит томонларга кун тартибидаги масалалар бўйича ўзаро мақбул қарорга келиш имконини яратди. Музокаралар якунига кўра тегишли битим имзоланиши ҳам буни яна бир бор тасдиқлайди.
Изоҳ (0)