Бугун — 23 июнь куни «Пахтакор» бош мураббийи сифатида расман таништириладиган Шота Арвеладзе ҳақида «Championat.asia» нашри мақола чоп этди. Унда грузиялик мутахассиснинг мураббийликдаги карьераси очиб берилган.
Мақолада қайд этилишича, Шота Арвеладзе мураббийлик сир-асрорларини Луи Ван Гал, Дик Адвокат, Рональд Куман каби мутахассислардан ўрганган ва уларга «АЗ-Алкмаар» сафида кўмак берган. У, шунингдек, ака-ука Франк ва Рональд де Бурлар билан қалин дўстдир.
2010 йилдан буён ўзини мураббийлик соҳасида синаб кўраётган Арвеладзе ўзининг илк катта ғалабаларига «Пахтакор»да эга чиқиши мумкин. Унга Россия ва Украинанинг бир қатор клублари ҳам қизиқиб кўрган бўлса-да, грузиялик таниқли собиқ футболчи ўз олдига юқори мақсад қўяётган Тошкент клубини афзал билди.
Шота Арвеладзе мураббий сифатида аста-секин шаклланиб бормоқда. Туркиядаги фаолияти яхши кечган. Умумий олиб қаралса, Арвеладзе Европа маркалари бўйича ўрта даражадаги мураббий. Муҳими, у яхшигина мактаб кўрган мутахассис. Шота мураббий сифатида Голландия футбол мактаблари ҳавосини олган, дейилади мақолада.
Мураббий ишлаган жамоалар тажовузкор ва ҳужумкор футболни афзал билади. Унинг шогирдлари асосан 4-3-3 ёки 4-2-3-1 тактик схемасида тўп суради. Арвеладзега бўлган талаб кучли. Шу боисдан у нархи арзон бўлмаган мутахассис ҳисобланади. Унинг ўртача йиллик маоши 1,5—2 миллион еврога тенг, деб маълумот берилган.
Грузия терма жамоаси 11-рақамни рамзий маънода Арвеладзенинг ўзида қолдирган. Ҳозирга қадар бош жамоада бу рақамда ҳеч ким тўп сурмайди.
Бу қизиқ
Туркиянинг «Қосимпошо» клубида ишлаган Шота Арвеладзенинг истеъфоси кўпчиликни ҳайрон қолдирганди.Туркия чемпионати доирасидаги «Қосимпошо» ва «Коняспор» жамоалари ўртасидаги беллашувда Райан Бабелнинг майдонда жароҳат олиб ётганини кўрган рақиб футболчилари ҳаракатни тўхтатади. Бу вақтда эса «Қосимпошо» гол уради. Шундан кейин Шота Арвеладзе жамоасига гол ўтказиб юборишни буюради. «Қосимпошо» футболчилари буйруққа асосан Ҳасан Кабзега гол уриш имкониятини тақдим этади. Ўйин Шота Арвеладзе жамоасининг 1:2 ҳисобидаги мағлубияти билан тугайди.
Камтар Арвеладзе учрашувдан кейин шундай деганди: «Менинг ўрнимда исталган мураббий бўлганида ҳам шу ишни қилишни буюрарди». Учрашувдан кейин Шота Арвеладзе истеъфога чиқарилди.
Грузияда ушбу иши учун Шота Арвеладзе «Йил жентльмени» соврини билан мукофотланади.
Изоҳ (0)