Тошкентнинг «Пахтакор» клуби икки легионер футболчи билан хайрлашади. Бу ҳақда «Championat.asia» нашри маълумот берди.
Мавсум бошида жамоа сафига келиб қўшилган, ўтган йили «Бунёдкор» сафида ҳаракат қилган хорватиялик Юрица Булят ҳамда икки мавсумдан бери «шерлар» сафида тўп суриб келаётган Аднан Ораховацга жавоб бериб юборилади ва улар билан тузилган шартномалар бекор қилинади.
Бунда футболчиларга компенсация тўланадими ёки йўқ — маълумот берилмаган. Легионер футболчилар билан тузилган шартномалар ўз ичига нималарни олгани ва уларнинг муддати борасида ҳам аниқ маълумотлар йўқ.
Нашр, шунингдек, «Пахтакор» голландиялик футболчини олиб келаётган бўлиши мумкин деб ҳам ахборот берган. Бунда янги легионернинг исм-шарифи кўрсатилмаган.
Аввалроқ «Пахтакор» бош директори Дмитрий Адисман бош мураббий сифатида Шота Арвеладзе ва ҳимоячи Марко Симич билан шартнома тузилгани ҳақида маълумот берганди.
Изоҳ (0)