19 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Абдулазиз Комилов раислигида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда Шавкат Мирзиёевнинг «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолияти ҳолатини ўрганиш ва тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш Ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида»ги фармойишига кўра, ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолият соҳаларида кадрларни тайёрлаш, дипломатик хизмат, илғор хориж тажрибаси ва замонавий халқаро стандартлар асосида ўқиш жараёнини модернизация қилиш истиқболлари билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Йиғилишда ЖИДУ ректори Абдумалик Жумановнинг етакчи хориж ОТМлари билан ҳамкорлик тўғрисидаги университет томонидан имзоланган икки томонлама ҳужжатларни татбиқ қилишга оид маълумот тингланди.
Жумладан, Буюк Британиянинг Лестер университети билан меморандумга кўра ЖИДУ қошида халқаро тадқиқот мактабини яратиш, Россиянинг Москва давлат халқаро муносабатлар институти билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимга кўра янги таълим технологиялари ва дастурлари, хусусан, масофадан ўқитиш тизимини жорий этиш бўйича томонлар тажрибасини қўллаш ҳамда Хитойнинг Шанхай халқаро тадқиқотлар университети билан тузилган битимга кўра биргаликда тадқиқотлар ўтказиш назарда тутилган.
Изоҳ (0)