Фидель Аскархўжаев нафақат машҳур фотограф, балки жуда серқирра инсон. Унинг лагансозликдан моҳир фотографликкача бўлган мураккаб ижодий йўли ҳақида «Boomer.uz» интервьюси орқали танишишингиз мумкин.
— Болалик, ёшлик даврингиз ҳақида сўзлаб берсангиз. Фотографлик касбини қачон танладингиз?
— Ёшлигим оддий одамларники каби ўтган: мактаб, билим юрти. Отам — кинодокументалист, оператор, ҳужжатли фильмлар режиссёри. Бир куни унинг кутубхонасидан суратлар ҳақидаги китобни топиб олдим. Унга жуда берилиб кетдим ва фотограф бўлишни истаётганимни англаб етдим. Бироқ ўша даврда фотографлик санъатини ўрганиш қийин эди ва мен вақтинча бу машғулот ҳақида унутдим. Машҳур режиссёр ва клипмейкер Баҳодир Йўлдошев жамоасида ишлаётганимда орзуим фотографлик билан шуғулланишга ундади. Институтнинг «кино-, телеоператор» бўлимига ўқишга киришга тайёрлана бошладим. Иккинчи курслигимда суратларим учун биринчи гонорарни олдим ва ҳаёт лаззатини ҳис қилдим :). Шу тариқа, профессионал фотограф бўлишга қарор қилдим.
— Ҳозир Фидель — бу бренд. Машҳур фотограф бўлгунга қадар қайси ишларда ишлашингизга тўғри келган?
— 14 ёшимдан бошлаб ишлайман. Ёзги таътилларда юк ташувчи, кейинроқ дўконда, бозорда, кассета сотувчи, официант, ташқи реклама тайёрловчи, бармен, хостес бўлиб ишлаганман. Бир неча кун заводда ишлаб, лаган ясаганман :). Ҳаммасини ёдда сақлаш ҳам қийин!
— Қаерда ўқигансиз ва фотографлик йўли қаердан бошланган?
— Институтнинг учинчи курсида BellaTerrа журнали жамоасига тушиб қолдим. Эрнест Куртвелиев, Элзара Музаффарова, Настя Шадиева, Павел Ким каби профессионаллар билан ишлашни доим орзу қилганман. Бу одамлар билан ишлаш мен учун ажойиб мактаб бўлган.
— Сизга омад келтирган биринчи фотолойиҳа ёдингиздами?
— Кўпроқ суратга олиш, фотографиянинг турли йўналишларида тажриба орттириш мақсадида ҳар қандай топшириқни бажаришга киришганман. Навбатдаги ҳар бир съёмкадан сўнг техника ва ҳис этиш қобилиятим ошиб борди ва мени турли тадбирларга таклиф қила бошлашди. Ўзига хослик ва ташқи кўринишим ҳам машҳур бўлишимда катта рол ўйнаган деб ўйлайман :).
— Репортажлар, тўйлар ёки реклама фотосессиялари: қай бирини съёмка қилишга ихтисослашгансиз?
— Севимли йўналишларимдан бири — аёллар портрети. Бироқ мен съёмканинг турли йўналишлари: репортаж, тўй, портрет, буюмлар сурати, интерьер, пейзажлар ва реклама фотосессияларига ихтисослашганман.
— Пунcтум студияси тарихи ҳақида ҳикоя қилсангиз.
— Дастлаб зарур техникалар: камералар, вспишка, объективлар, ёруғлик қурилмаларини тўпладим. Керакли лаҳзада Ира Ким билан ҳамкорликда ишлашга келишдик ва ушбу фотосессияни ташкил этдик.
— Фидель Аскархўжаевнинг фотомактаби ҳақида ўйлаб кўрмаганмисиз?
— Материаллар кўп, билим ҳам. Бироқ билим бериш учун педагогик истеъдод керак. Унга эга бўлишим билан, фотомактаб очаман.
— Фотосессиянгиз қимматми? Талаба қиз бунинг учун узоқ вақт пул тўплаши керакми?
— Профессионал фотосессия арзон турмаслиги сир эмас. Бироқ чегирма бўлади. Айниқса, кишини ўзига тортадиган ташқи кўринишга эга бўлган талаба қизлар учун. Бундай ҳолатларда иш икки томонлама ижод тамойилига асосланади.
— Бугунги кунда Тошкентда фотографлар: профессионаллар ва ижтимоий тармоқларда номларига Photographer сўзини қўшиб, ўзини фотограф сифатида кўрсатувчилар жуда кўп. Рақобатни ҳис қиласизми?
— Ҳа, а-ля фотографлар бозор нархларини туширади. Бироқ ҳар бир фотографнинг ўз мижози ва ўз аудиторияси бор деб ҳисоблайман. Мен рақобатни эмас, «яна бир Photographer пайдо бўлди» деган истеҳзони ҳис қиламан.
— Ўзбекистонда фотоиндустриянинг ривожланиши ҳақида нималар дея оласиз?
— Турли кўргазмалар жуда хурсанд қилади, фотографларнинг маҳорат даражаси ошмоқда, бу эса мамлакат фотоиндустриясида ажойиб тарзда акс этмоқда.
— Келажакдаги режаларингиз қанақа? Мухлисларингизни нималар билан хурсанд қиласиз?
— Режалар кўп. Биринчи навбатда — студияни ривожлантириш ва томошабинлар қалбига етиб борувчи фотолойиҳалар яратиш.
Матн муаллифи: Малика Реймбаева
Изоҳ (0)