«Ўзбеккино» миллий агентлиги PROlogue — ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар III республика фестивалини эълон қилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ёш истеъдодларни излаб топиш, уларнинг ижодини қўллаб-қувватлаш ва профессионал малакасини ошириш мақсадида ўтказиладиган фестивалда 35 ёшгача бўлган киноижодкорлар сўнгги икки йил мобайнида суратга олган, умумий вақти 30 дақиқадан ошмайдиган қисқа метражли бадиий ёки ҳужжатли-бадиий фильмлари билан иштирок этишлари мумкин.
Аризалар 15 сентябргача қабул қилинади, фильмлар 1 октябрга қадар саралаб олиниб, 16—20 ноябрь кунлари уларнинг намойишлари ўтказилади.
21 ноябрь куни фестиваль ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтиши режалаштирилган. Ғолиблар махсус совринлар ва дипломлар билан тақдирланади.
Жумладан, «Энг яхши қисқа метражли бадиий фильм» учун бош соврин, «Энг яхши сценарий», «Энг яхши режиссёрлик иши», «Энг яхши операторлик иши» бўйича ғолиблар аниқланади.
2017 йилдан бошлаб хорижий киноижодкорлар томонидан яратилган қисқа метражли фильмлар ҳам фестиваль асосий дастуридан ташқарида намойиш этилади.
Изоҳ (0)