2018 йил Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун кураш олиб бораётган Европа мамлакатлари саралашнинг 6-тур беллашувларини ўтказишда давом этмоқда.
Саралашнинг «E» гуруҳида Польша терма жамоасининг яккаҳокимлиги давом этди. 6-турда Руминияни қабул қилган польшаликлар 3:1 ҳисобида зафар қучди. Томонларнинг Бухарест шаҳрида кечган биринчи ўйинида Польша 3:0 ҳисобида муваффақият қозонганди.
«Бавария» ҳужумчиси Роберт Левандовски Руминияга қарши икки беллашувда жами 5 та гол уришга муваффақ бўлди. Шу тариқа футболчи саралашдаги голлари сонини 11 тага етказиб, кеча дубль қайд этган португалиялик Криштиану Роналду билан тенглашиб олди. Ҳар икки юлдуз 11 та гол уриш учун 6 та ўйинда майдонга тушган.
Тўпурарлар пойгасида «Севилья» аъзоси Стеван Йоветич 6 та гол билан иккинчи натижа қайд этиб турган уч футболчидан бири бўлиб турибди. Кеча — 10 июнь куни у Арманистон термаси дарвозасига 3 та гол уришга муваффақ бўлди.
Маълумот учун, Черногория 4 июнь куни Подгорица шаҳрида Ўзбекистоннинг ЖЧ—2018 саралашидаги рақиби Эронни қабул қилиб, 1:2 ҳисобида имкониятни бой берганди.
ЖЧ—2018. Саралаш «E» гуруҳи. 6-тур 10 июнь, шанба
Изоҳ (0)