Еврокубокларнинг 2018/19 йилги мавсумлари финаллари учун даъвогар бўлган стадионлар номи эълон қилинди. Улар орасида Озарбайжоннинг Боку ва Қозоғистоннинг Астана шаҳарларида жойлашган стадионлар ҳам бор.
«Sports.ru» маълумотига кўра, Чемпионлар лигасининг финал учрашувини ўзида қабул қилиш учун икки даъвогар бор: Мадридда «Атлетико» учун янги қурилган «Метрополитано» аренаси ҳамда Бокудаги «Олимпия» стадиони.Озарбайжонликлар, шунингдек, Европа лигасининг финал учрашувини қабул қилиш учун ҳам даъвогар ҳисобланади. Улардан ташқари «Севилья»нинг уй стадиони ҳисобланган «Рамон Санчес Писхуан» ҳамда Туркиядаги «Бешиктош Арена» ўйингоҳи Европа лигасининг ҳал қилувчи ўйини учун рақобатда бўлади.Европа Суперкубоги ўйинини ўзида қабул қилишни истайдиган даъвогар шаҳарлар сони 7 тани ташкил қилди: Албаниянинг Тирана, Франциянинг Тулуза, Исроилнинг Хайфа, Қозоғистоннинг Астана, Шимолий Ирландиянинг Белфаст, Польшанинг Гданск ҳамда Туркиянинг Истанбул шаҳарлари.
Қозоғистоннинг «Astana Arena» стадиони бундан ташқари Чемпионлар лигасининг аёллар ўртасидаги мусобақаси финали мезбонлиги учун Венгриянинг Будапешт шаҳрида жойлашган «Ференцварош Арена» билан рақобатда бўлади.
Изоҳ (0)