Катта дубулға туркумига кирувчи Australian open—2017 да муваффақиятли иштирок этиб, дунёнинг иккинчи ракеткаси Новак Жоковични мағлуб этгани билан ном қозонган ўзбекистонлик Денис Истомин, Roland Garros—2017 мусобақасини ҳам ғалаба билан бошлади.
Париж шаҳри мезбонлик қиладиган йилнинг ҳисоб бўйича иккинчи катта дубулға мусобақасида Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси америкалик Эрнесто Эскобедога қарши кортга тушди ва уч сет давом этган беллашувни 7:6(3), 6:3, 6:4 ҳисобларида ўз фойдасига ҳал қилди. Бунда теннисчилар 2 соат ва яна 2 дақиқа кортда кураш олиб борди.
Денис Истомин ATP рейтингида 80-ўринни эгаллаб турган бўлса, Эскобедо 75-бўлиб турганди.
Истоминнинг иккинчи босқичдаги рақиби Жанубий Корея теннисчиси Хеон Чунг бўлади. У аввалги босқичда ATP рейтингида 28-ўринни эгаллаб турган америкалик Сэм Керрини тўрт сет давом этган беллашувда мағлуб этганди.
Изоҳ (0)