Ўзбекистон Президентининг 22 майдаги ПП–2987-сонли қарори билан «Ўзбекистонда паст ҳароратли сақлаш камераларини жорий қилиш йўли билан қишлоқ хўжалиги ривожини қўллаб-қувватлаш» лойиҳасининг амалга оширилиш тартиби белгиланди. Акт Президент матбуот хизмати сайтида жойлаштирилди, деб хабар беради Norma.
Лойиҳани Жанубий Корея ҳукумати молиялаштиради ва унга 3,5 миллион доллар ажратади.
Лойиҳа қуйидагиларни кўзда тутади:
махсус музлатиш ускуналари, материаллари ва транспорт воситаларини етказиш, шунингдек, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги Agroinnovatsiya давлат унитар корхонаси ҳудудида 1000 тонналик музлатиш камераларининг қурилиши ва эксплуатацияси;
тилга олинган давлат корхонаси томонидан мева-сабзавот маҳсулотининг сақланиши, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари, пойтахтдаги деҳқон ва фермер хўжаликларига мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш бўйича хизмат кўрсатилиши;
ўзбекистонлик мутахассисларга илғор тажрибани ўрганишда кўмак бериш, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассисларига мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш бўйича замонавий технологик ускуналардан фойдаланишни ўргатиш.
Лойиҳа доирасида:
Шимолий Корея ҳукумати гранти ҳисобидан харид қилинган товарлар ва транспорт воситалари божхона тўловларидан, ҚҚС, давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлардан;
Етказиладиган транспорт воситалари — Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий тўловлардан;
Ўзбекистондаги лойиҳани амалга оширишда иштирок этаётган Жанубий Корея фуқаролари — жисмоний шахслар даромад солиғидан озод қилинади.
Изоҳ (0)