Англия чемпионати 28-тур қолдирилган ўйинида «Манчестер Юнайтед» сафарда «Саутгемптон» меҳмони бўлди. Ўйинда ҳисоб очилмади ва томонлар нурсиз дурангга имзо чекди.
Мазкур учрашув натижасидан қатъи назар «МЮ» мавсумни олтинчи ўринда якунлаши аниқ бўлиб улгурганди. Бироқ дуранг натижа манкунианларнинг АПЛ тарихида бир мавсум давомида энг кам ғалабаларга эришишига хизмат қилди, деб ёзади «Sports.ru».
«МЮ» жорий мавсумда ўтказилган 37 ўйиндан 17 тасида ғалаба қозонган бўлса, 15 тасида дуранг қайд этган. Яна 5 ўйинда Жозе Моуриньо жамоаси мағлубиятга учраган.
«Қизил иблислар» сўнгги турда «Кристал Пэлас» устидан ғалаба қозонса ҳам салбий натижани ўзгартира олмайди. Шунингдек, «МЮ» АПЛ ташкил этилганидан буён биринчи марта мавсумни 15 дуранг билан якунламоқда. Ушбу мавсумда Жозе Моуриньо жамоаси АПЛ клублари орасида энг кўп дуранг қайд этган клуб бўлди.
«Манчестер Юнайтед» Европа Лигаси финалида «Аякс»ни ютсагина ЕЧЛ йўлланмасига эга бўлади, акс ҳолда жамоа келаси мавсумни ҳам Европа Лигасида ўтказади.Англия Премьер-лигаси28-тур. Қолдирилган ўйин17 май, чоршанба
Изоҳ (0)