Фуқароларнинг дардини эшитиш, мурожаатларини вақтида кўриб чиқиш ва ҳал этиш барча мутасадди раҳбарлар олдида турган энг муҳим вазифа сифатида қўйилаётгани одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Бу Шароф Рашидов туманида ўтказилган сайёр қабулда барча 45 мурожаатнинг ижобий ҳал этилганида ўз ифодасини топди, деб ёзади ЎзА.
«Олмачи» маҳалласида яшовчи Севара Ҳусанова ногирон фарзанди учун нафақа олиш ҳақидаги мурожаати, «Совунгарлик» маҳалласидан Фахриддин Умаров ишга жойлашишда ёрдам сўраб, «Қулфисар» қишлоғидан Сайёра Ёқубова турар жой, «Хайробод» маҳалласида яшовчи Аброржон банкдан таълим кредити ажратиш бўйича мурожаатлари сайёр қабулда қаноатлантирилганидан хурсанд.
Аслида бу мурожаатларнинг аксарияти туманнинг ўзида ҳал этиладиган масалалардир. Лекин айрим раҳбарларнинг лоқайдлиги, масъулиятсизлиги оқибатида фуқаролар Халқ қабулхоналарига келишга ёки Виртуал қабулхонага мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда. Сайёр қабул давомида бўлган мурожаатлар ҳам жойларда маҳаллий давлат хокимияти бошқарув ва хўжалик органлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликларни кўрсатиб берди.
«Президентимизнинг Халқ қабулхонаси ва Виртуал қабулхонасига туманимиздан бўлаётган мурожаатларни ўз вақтида кўриб, ҳал этишга ҳаракат қилмоқдамиз. Мурожаатларнинг таҳлили қайси соҳаларда камчиликларга йўл қўйилаётганини яққол намоён этди. Ушбу сайёр қабул давомида бўлган мурожаатлар ҳам аҳоли билан мулоқотни янада кучайтиришимиз зарурлигини кўрсатди. Туман раҳбарлари қабул якунларидан ўзлари учун тегишли хулоса чиқарди», — дейди Шароф Рашидов тумани ҳокими С.Исмоилов.
Изоҳ (0)