АҚШнинг Аризона штати Флагстафф шаҳридаги Pizzicletta пиццерияси 6 май куни танлов ҳақида эълон қилди. Аризонада жойлашган баландлиги қарийб 2,8 минг метр Элден тоғини забт этган ҳар бир киши бепул пицца олиши шарт қилиб белгиланди. Бунинг учун хоҳловчилар чўққидаги радиоминорага чиқиши ва маълум вақтда махсус купон олиши керак, деб ёзади TJournal.
Акция 21 кун давом этади. Бепул пиццани қўлга киритиш учун чўққига ҳар куни бир неча гуруҳ одамлар чиқмоқда.
9 май куни маҳаллий пиццерия шартини Флагстаффнинг 30 ёшли фуқароси бажаришга уринди. Америкалик эркак майка ва шортик кийиб, Элден чўққисини забт этишга киришди. Бироқ ўша куни об-ҳаво бирдан ёмонлашди. Қор пўртанаси кўтарилди, 12 сантиметрли қор ёғди ва ҳаво ҳарорати пасайиб кетди.
Коконино округи шерифи Рекс Жиллиланднинг қайд этишича, эркак ҳаво ўзгариши ҳақида ё билмаган, ёки шунга қарамай мақсади сари ҳаракатланишда давом этган.
Элденга чиқиш вақтида об-ҳаво ёмонлашишда давом этди. Натижада Флагстафф фуқароси тоғда қолиб кетди ва ёрдамга чақира бошлади. Совуқда қотиб қолган эркакни ўрмонларни қўриқлаш хизмати ходими топди ва қутқарувчилар келгунига қадар исинишга олиб кетди. Америкалик эркак ёмон ҳаво шароити бўлишича қарамай, ўз вақтида бепул пицца купонини қўлга киритиш ҳаракатини давом эттирганини айтди.
Саёҳатчи гипотермияга (совуқда қотиб қолиш) учради, лекин унинг аҳволи тезда яхшиланди. Шерифнинг сўзларига кўра, ушбу ҳодисада пиццерияни айблаш нотўғри, чунки масъулият шартни бажаришга қарор қилган ҳар бир кишининг зиммасида туради.
Pizzicletta асосчиси бепул пицца учун чўққига чиқадиганлар бу ишни амалга ошириш олдидан об-ҳавони текширишига умид билдирди. Элден тоғига чиққан эркак якунда бепул пицца олдими ёки йўқ, маълум қилинмаган.
Изоҳ (0)