Косонлик Ғайбулла Бекназаров (исм-шарифлар шартли) «Москва—Қарши» йўналишидаги парвозини якунлагач, «Қарши» халқаро аэропортида божхоначилар томонидан унга тегишли юклар ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу жараёнда унга тегиши 2 дона қўл телефони хотирасида 141 дона порнографик мазмундаги аудио ва видео материаллар, 100 дан зиёд фотосуратлар борлиги аниқланди. Аниқланган беҳаё материаллар ичида вояга етмаган болакайлар тасвирланган видеолавҳалар ҳам бор эди.
Шунингдек, айнан шу рейс билан Ўзбекистонга кириб келган яна бир косонлик — Озод Тўйчиевнинг юклари ҳам божхона назоратидан ўтказилганда, унинг қўл телефон хотирасидан мамлакатга олиб кирилиши тақиқланган ҳамда юқоридаги сингари вояга етмаган шахслар тавсифланган 79 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар борлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан ушбу фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг 130-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида 28 та ҳолатда 1,7 мингдан ортиқ порнографик мазмундаги материалларнинг божхона чегаралари орқали мамлакатга олиб кирилишининг олди олинди. Ҳуқуқбузарликларни содир этган фуқароларга нисбатан 26 та маъмурий ҳамда 2 та жиноят иши қўзғатилди.