Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг турмуш ўртоғи шаҳзода Филипп 2017 йил кузидан бошлаб оммавий тадбирларда иштирок этишдан воз кечади. Бу ҳақда Букингем саройи баёнот берди, деб хабар қилади Meduza.
Қироллик оиласи вакиллари Елизавета II нинг ўзи режалаштирилган барча тадбирларда иштирок этиб боришини билдирди.
Филипп омма олдида чиқишдан нима сабабдан бош тортгани маълум қилинмади.
3 май кечки соатларида The Daily Mail нашри қироллик оиласининг барча яқинлари зудлик билан Букингем саройида тўпланаётганини маълум қилган эди. Бундай йиғилишлар камдан-кам чақирилади, шу боис бу қиролича ёхуд унинг турмуш ўртоғи Филиппнинг соғлиғи билан боғлиқ деган тахминлар илгари сурилди.
4 май куни The Sun нашри шаҳзода Филипп вафот этгани ҳақида материал эълон қилди. Аммо бир муддатдан сўнг нашр материални тузатди, The Guardian’нинг Букингем саройидаги манбалари эса шаҳзоданинг соғлиғи жойидалигини тасдиқлади.
2017 йил июнида Эдинбург герсоги, шаҳзода Филипп 96 ёшга тўлди. У Елизавета II билан 1947 йили турмуш қурган эди.
Изоҳ (0)