Жорий йилнинг 2 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Ҳар бир мурожаат эътиборда: Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими бўйича келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди ходимлари, бошқарма бошлиқлари, ихтисослаштирилган ва илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этди. Тадбир давомида тизимда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тартиби, олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижаси ва истиқболли режалар хусусида батафсил маълумот берилди.
Ўтган даврда мамлакат раҳбарининг интернет тармоғидаги электрон қабулхонасига фуқаролардан 740 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатдики, мурожаатларнинг қарийб 3,5 фоизи тиббиётга тегишли.
Шу йилнинг 1 май ҳолатига кўра, давлат раҳбарининг электрон қабулхонасига фуқаролардан тиббиёт соҳаси бўйича тушган жами 25 минг мурожаатнинг қарийб 93 фоизи ўз ечимини топган, олти фоизи кўриб чиқиш босқичида, қолган бир фоизини эса аноним мурожаатлар ташкил қилади.
Ҳал этилмаган муаммо, ариза, шикоят ёки таклифларни атрофлича ўрганиб, уларга ўз вақтида ечим топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг виртуал қабулхонаси ташкил этилган.
Эндиликда фуқаролар вазирликнинг расмий веб-сайти — www.ssv.uz, шунингдек, ушбу интернет манзилида кўрсатилган электрон почта ёхуд телефон орқали мазкур виртуал қабулхонага тўғридан-тўғри мурожаат юбориши мумкин. Бундан ташқари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбар ходимлари томонидан жойларга чиққан ҳолда ўтказилаётган сайёр қабулларда фуқароларнинг ечимини кутаётган муаммо ва таклифлари жойида ўрганилиб, ҳал этилмоқда.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)