Ғузорнинг «Шўртан» клубини катта эҳтимол билан мамлакат Биринчи лигаси кутиб турибди. Бу ҳақда ПФЛ ёки ЎФФнинг расмий қарори чиқиб улгурмаган бўлмаса-да, Халқаро футбол уюшмаси ФИФА юқоридаги ташкилотлардан қарори ижросини жиддий талаб қилаётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда «Дарё»нинг федерацияга яқин манбалари хабар берди.
Бунинг сабаби «Шўртан» 2011 йил жамоа сафида ҳаракат қилган сербиялик Урош Милосавлевичдан қолиб кетган қарзини ўз вақтида тўлаб бермаган. ФИФА қарорига кўра, ПФЛ 2016 йилнинг 4 сентябрь куни «Шўртан»дан 3 очко олиб ташлаб, клубни жиддий огоҳлантирганди.
Ўша вақтда «Собиқ футболчиси Урош Милосавлевич билан шартнома мажбуриятларини ўз вақтида бажармагани муносабати билан ва ФИФА Тартиб-интизом қўмитасининг 2015 йил 9 октябрдаги қароридан келиб чиқиб, ‘Шўртан’ клубидан 3 очко олиб ташланади», деб вазиятга тушунтириш берган ПФЛ, «Шўртан» клуби Урош Милосавлевич билан имзолаган шартномасидаги айнан қайси мажбуриятларини бажармаганига аниқлик киритилмаганди.
Кейинроқ мазкур вазият юзасидан Ғузор клуби ижрочи директори Шоди Намозов «Футбол Экспресс» нашрига шундай интервью берганди.
Футболчи билан ҳисоб-китоб охиригача қилинмаган экан. Бунда англашилмовчилик бўлган. Клуб футболчидан қарзи йўқлигини айтган бўлса-да, Урошнинг Зоран исмли агенти ФИФАга шикоят билан чиқиш қилган. Биз футболчининг қарзини тўлаш борасида иш олиб бормоқдамиз. Тўлов миқдори кўпроқ.Вазият ижобий якун топмагач, ФИФА ЎФФ бош котибига 2017 йилнинг март ва апрель ойларида огоҳлантириш хати ёзган ва унда «Шўртан»ни Олий лигадан тушириб юборишни талаб қилган. ФИФА Тартиб-интизом қўмитасининг бу қарори ўз вақтида бажарилмагач, апрель ойининг сўнггида ЎФФ навбатдаги мактубни қабул қилиб олган.Бўлиб ўтган ишлардан ўзимиз учун хулоса чиқардик. Бундан буён футболчилар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилинади. 2015 йил якунига кўра ўзимизнинг футболчилардан ҳам қарздорлигимиз бор эди. Ҳозирга келиб бунинг 80—90 фоизи тўлаб берилди. Тез кунда барча қарзлардан қутуламиз.
«Шўртан» 2017 йилги мавсумда 8 та учрашув ўтказиб бўлди. Клуб мавсум ўртасида Биринчи лигага йўл оладими ёки мавсум сўнггида — ҳозирча аниқ эмас. ЎФФ бу борада ФИФАга қандай тушунтириш бергани маълум эмас.
Маълумот учун, сербиялик Урош Милосавлевич 2011 йилги мавсум биринчи ярмида «Шўртан» шарафини ҳимоя қилган. Футболчи ўша йил ёзда Ўзбекистоннинг бошқа бир клуби — «Бунёдкор» аъзосига айланган. Ҳозирда 33 ёшда бўлган Урош Милосавлевич футболчилик фаолиятини якунлаган ва футбол агенти сифатида фаолият олиб боради.
Изоҳ (0)