Ўзбекистон саноат корхоналарининг Душанбеда 25 йил ичида биринчи марта уюштирилган кўргазмаси катта муваффақият билан ўтказилди. Кўргазма ва бизнес-форум давомида 50 миллион долларлик меморандумлар, келишув ва шартномалар имзоланди, деб хабар беради «Газета.uz».
17–20 апрель кунлари давом этган кўргазмага жами 20 минг киши ташриф буюрди.
«Пойтахт-90» савдо марказида ўтган кўргазмада Ўзбекистоннинг 160 компанияси иштирок этган бўлиб, улар 1500 турдаги маҳсулотларини тақдим этди. Электротехника, кабель-сим, кимё, нефть-кимё, фармацевтика, сантехника, текстиль, озиқ-овқат, тери-кўнчилик, қурилиш соҳалари тақдим этилди.
Кўргазма доирасида ўтказилган бизнес-форум ишида икки мамлакат ишбилармон давраларининг 500 га яқин вакиллари иштирок этди. Бундан ташқари, фермер хўжаликларидан бирининг майдонларида «Тожикагролизинг», фермер ва деҳқонлик хўжаликлари иштирокида «Ўзагротехсаноатхолдинг» қишлоқ хўжалик техникаси намойиши ўтказилди. Намойиш якунларига кўра 3 миллион долларлик келишувлар имзоланди.
Тожикистон инвестициялар ва давлат мулки бўйича давлат қўмитаси раҳбари Файзиддин Қаҳҳорзоданинг маълумотига кўра, ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 5,7 баробарга ўсиб, 69,2 миллион долларни ташкил этди.
Изоҳ (0)