Рио—2016 Олимпиадаси чемпиони Фазлиддин Ғоибназаров кеча — 22 апрель куни профессионал боксдаги илк жангини ўтказди ва рақибини нокаутга учратди.
Ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси АҚШнинг Калифорния штатида маҳаллий боксчи Виктор Васкесга қарши рингга кўтарилди. Жангнинг иккинчи раундига келиб Фазлиддин Ғоибназаровдан зарба қабул қилиб олган Васкесга нисбатан ҳакам ҳисоб очди ва америкалик спортчи белгиланган вақтда ўзига кела олмади.
Профессионал боксдаги фаолиятини уч йил муқаддам бошлаган Виктор Васкес бунга қадар 9 та жанг ўтказган бўлиб, шуларнинг 7 тасида рақибларини мағлуб этганди. Уч жангда у боксчиларни муддатидан аввал таслим қилган. Мана шу спортчи Ғоибназаровнинг дебют жангида имкониятни бой берди.
Маълумот учун, Фазлиддин Ғоибназаров 2015 йилги мавсум ҳаваскор боксчилар ўртасида аввалига Осиё, кейин эса Жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритган бўлиб, 2016 йил Олимпиада чемпионига айланганди. Эндиликда унинг профессионал ринглардаги старти ҳам муваффақиятли чиқди.
Изоҳ (0)