Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ўрганиш давомида депутат Акмал Раҳмонов тумандаги мудофаа ишлари бўйича бўлим ва бошқармаларнинг иш фаолияти, уларда ёшларни ҳарбий хизматга кенг жалб этиш борасидаги тадбирлари билан яқиндан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
«Чақирув комиссиялари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида уларнинг таркибига давлат ҳокимияти органлари, жамоатчилик ташкилотлари, Ўзбекистон ‘Камолот’ ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, ‘Нуроний’ ва ‘Маҳалла’ жамғармалари вакиллари киритилган. Муддатли ҳарбий хизмат давомида ўзининг ижобий жиҳатларини намойиш этган ҳарбий хизматчилар учун белгиланган имтиёзлар тизими яхши натижа бермоқда», — дейди депутат Акмал Раҳмонов.
Йигитларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синови асосида саралаб олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу танловда ёшларнинг мактаб таълими дастуридаги предметларни ўзлаштириш даражаси, уларнинг интеллектуал салоҳияти, мослашувчанлик ва чидамлилик қобилиятлари текширилади. Шунингдек, жисмоний тайёргарлиги синовдан ўтказилади. Тест синовлари якунида барча баллар жамланади ва шу асосда чақирилувчининг салоҳияти аниқланади.
«Охирги ўзгаришларга кўра, янги ўқув йилидан (2017—2018) бошлаб Ўзбекистон қуролли кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмлар тавсияномаларига эга бўлган абитуриентларга кириш тестларида тўплаган балларининг 50 фоизи қўшиб берилади. Аввалроқ армияда хизмат қилган фуқароларнинг кириш имтиҳонларидаги бу имтиёз максимал мумкин бўлган балл миқдорининг 27 фоизига тенг эди. Имтиёз мамлакатнинг турли йўналиш ва мутахассисликлар бўйича бакалаврлар тайёрлайдиган барча олий ўқув юртларига тегишли. Бундай имтиёзлар, албатта ёшларни Ватанга бўлган муҳаббатини оширишга, билим олиш ва юртга фидойи хизмат қилишга ундайди», — дея фикрларини тўлдирди депутат Акмал Раҳмонов.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)