3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва Россиянинг «Газпромбанк»и инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш ҳақида битим имзолади, дея хабар бермоқда UzDaily.
«Газпромбанк» маълумотларига кўра, ҳужжат доирасида томонлар Ўзбекистон саноатининг тўқимачилик ва бошқа тармоқларида инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Россия банки Ўзбекистон Миллий банкига тўқимачилик тармоғидаги корхоналарни янада ривожлантириш, шу жумладан, уларнинг самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш технологияларини модернизация қилиш учун кредит манбаларини тақдим этиши кутилмоқда.
«Газпромбанк» Бошқарув раиси ўринбосари Алексей Матвеев: «Биз инвесторлар сифатида Ўзбекистон Республикаси раҳбариятининг жаҳон бозорига пахта ва тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш занжирини ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича ҳаракатларини юқори баҳолаймиз», — дея таъкидлади.
«Бугун Ўзбекистондаги энг йирик кредит муассасаси — Миллий банк билан келишилган ҳамкорлик Ўзбекистон ва Россия корхоналари учун имконият доирасини кенгайтиради, ўзаро савдо ва инвестициялар учун янги имкониятларни яратади. Бугунги битим орқали Ўзбекистондаги шеригимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги саҳифасини очаётганимизга умид қиламиз», — деди у.