«Бунёдкор» футбол клуби бош мураббийи Сергей Лушчан «Обод»га қарши 1:1 ҳисоби билан якунига етган ўйиндан сўнг журналистлар саволига жавоб қайтарди, деб ёзди «Championat.asia».
Лушчан жамоа футболчилари аввалги ҳолатидан чиқиб кета олмаётгани ва ўша эски қарашларда қолаётгани борасидаги саволга жавоб қайтарди.
Уларда ҳали ўтмишнинг ўзи йўқ! Бу футболчилар ҳозир ҳам муваффақиятга эришиб улгурмаган.Менга тажрибами, интелектми ёки қаттиққўлликми етишмаяпти. Мен таёқ олиб уларни уришим керакми энди? Аҳир мен уларнинг отаси ҳам, онаси ҳам эмасман ва бу ишни қилмайман.
Футболчиларни футбол ўйнашга мажбур этолмайман. Уларнинг ўзи бу касбни танлаган. Мен энди уларни асосий таркибдан шунчаки олиб ташлайман. Бу ишни футбол ўйнашни хоҳламай қолган футболчиларга нисбатан аввал ҳам қўллагандим. Энди қолганлар билан ҳам шу ишни такрорлашимга тўғри келади, шекилли. Ҳеч ким бу ишни қилмаслигимга кўндира олмайди. Мен учун жамоада авторитетлар йўқ, хоҳ у терма жамоа аъзоси бўлсин, хоҳ бошқа.
Сергей Лушчан, «Бунёдкор» бош мураббийи
Мавзуга яқин: «Бунёдкор» бош мураббийи Сергей Лушчан хориждан 5 та таклиф борлиги учун ҳам истеъфо беришдан қўрқмаслигини айтди
Футболчиларда бир муаммо бор, бу уч йилдан буён давом этиб келади. Жамоамиздан 7-9 нафар футболчи терма жамоага кетади ва қайтиб келгач, уларни бутунлай таниб бўлмайди, умуман бошқа инсонларга айланиб қолади.Ҳозир ҳам кийиниш хонасида шу масалани ўртага ташладик. Негадир футболчилар термадан таклиф олганидан кейин ўзини катта футболчидек тутади. Мен бир нарсани тушунмайман, термага кетиб, унда ўзини кўрсатган футболчининг клубга қайтиб, футбол ўйнагиси келмай қолади ёки югуришни истамайди. Улар терма жамоа аъзосига айланиб бўлгач, ҳамма нарсага эришдим деб ўйлайдими?!
Уларнинг хаёлида мен ҳозир майдонда тушаман-у, натижа кўрсатаман деган фикр юради. Биз нима ҳам қилардик, шундай ҳолат рўй бермоқда...
Сергей Лушчан, «Бунёдкор» бош мураббийи
Мавзуга яқин: Сергей Лушчан: Шомуродов, Ҳамдамов ва Шукуров ҳали футболчи эмас. Уларни қандай қилиб юлдуз қилиб юборишди?
Унча яхши тушунмасам ҳам, кам фойдалансам ҳам — куни кеча интернет тармоғини айланиб, бир қатор мақолалар ва роликларга кўзим тушди. Баъзи дангаса журналистлар Шомуродов, Ҳамдамов, Шукуров сингари ҳали эркак сифатида шаклланмаган 20 ёшли йигитлардан салкам жаҳон миқиёсидаги Мессини ясаб қўйишган. Бу эса муаммо. Улар бу нарсаларни тўғри қабул қила олмайди. Бу руҳият билан боғлиқ. Улар бунга ҳали тайёр эмас.Ёш футболчи мақтовни тўғри қабул қилишни ўрганиши лозим. Ҳар ҳолда улар ўсмир ёшида эмаслар, бироз улғайишган.
Сергей Лушчан, «Бунёдкор» бош мураббийи
Мавзуга яқин: Сергей Лушчан: Бизда энди Миржалол Қосимов йўқ. Жепаровнинг маоши эса бутун бир клубникига тенг
Бунда балки менинг ҳам айбим бордир. Уларга шу нарсаларни тушунтиришга, миясига қўйишга ҳаракат қиляпман. Балки керагидан ортиқ эътибор уларга ёмон таъсир кўрсатаётгандир. Чунки мен бугун майдонда на Ашурматовни ва на Шукуровни кўрдим. Ҳамдамов ниманидир кўрсатишга интилди. Шомуродовни тушунаман, уни бугун майдонга туширишни режалаштирмагандик. Чунки куни кеча тўлиқ ўйин ўтказганди. Акром Комилов ҳам терма жамоадан анча толиққан ҳолда қайтди.Бугун ёшлар жамоамизни майдонга туширишимиз мумкин эди. Улар мағлубиятга учраганда ҳам, майдонда борини бериб ҳаракат қиларди, бунга ишонаман. Афсуски, бу ишни қилолмайман, чунки олдимизда чемпионат турибди ва беш кундан кейин навбатдаги тур. Энди ўйиндан-ўйинга бу ҳолатдан чиқиб кетишга интиламиз.
Ҳа, бугун «Обод» ғалабага лойиқ ўйнади. Майдонда фақат улар футбол ўйнади. Бугун «Бунёдкор» майдонда йўқ эди. Агар охирги 10-15 дақиқани инобатга олмаганда, ўйинимиз умуман ўхшамади.
Сергей Лушчан, «Бунёдкор» бош мураббийи
Изоҳ (0)