Россиянинг Челябинск вилояти Соғлиқни сақлаш вазири Сергей Кремлев ва Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Солижон Мўминов ҳамкорлик тўғрисида битим имзолади. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
Ҳужжат Наманган вилояти делегациясининг Челябинск вилоятига ташрифи доирасида имзоланди.
Томонлар битим доирасида соғлиқни сақлаш тизимидаги турли масалалар бўйича тажриба алмашишни мўлжалламоқда. Хусусан, давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш ва тиббиёт технологиялари ҳамда тиббий хизматлар бошқаруви соҳаларига эришилаётган янги ютуқларни жорий қилиш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, режалардан бири семинарлар, илмий-амалий анжуманлар, давра суҳбатлари ва кўргазмалар ўтказиш деб белгиланган.
Челябинск вилояти губернаторининг биринчи ўринбосари Евгений Редин мазкур ҳамкорлик ҳудудлар ва давлатлар ўртасидаги икки томонлама алоқаларни яхшилаш ҳамда юқори даражадаги тажрибалар билан алмашиниш имконини беришини таъкидлади.
Солижон Мўминов эса, ўз навбатида, ўзаро алоқалар икки ҳудуднинг тиббий муассасалари ўртасида самарали ҳамкорлик олиб боришга асос бўлишини қайд этди.
Изоҳ (0)