Эфиопия пойтахти Аддис-Абеба шаҳрида жойлашган ахлат полигонида содир бўлган ўпирилиш натижасида камида 113 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Аввалроқ қурбонлар сони 82 киши эканлиги маълум қилинган эди.
Ахлат уюмлари тагидан янги жасадлар топилиши билан аҳоли ўртасида ижтимоий танглик ўсиб бормоқда. Полигоннинг ўзида изсиз йўқолганлар қариндошлари ва қутқарувчилар ўртасида бир неча бор тўқнашув содир бўлди. Одамлар ҳукуматни ҳаракат қилмаётганликда ва зарур бўлган ёрдам берилмаётганлигида айбламоқда.
Қайд этилишича, воқеа содир бўлган жойда бор-йўғи 2-3 та бульдозер ишламоқда. Маҳаллий аҳоли эса мустақил равишда ёрдамчи воситалар орқали ахлат уюмлари орасидан яқинларини топишга ҳаракат қилмоқда.
Қутқарув операцияси давомида 40 га яқин киши қутқарилгани қайд этилди.
15 март куни мамлакатда мазкур фавқулодда вазият туфайли ҳалок бўлганлар хотирасига уч кунлик мотам эълон қилинди.
Изоҳ (0)