Тошкент шаҳар Адлия бошқармасининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими 2016 йилда соғлиқни сақлаш идоралари фаолиятида аниқланган камчиликлар ҳақида маълумот берди, деб хабар беради «Газета.uz».
Шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва унинг тизимларида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги ва «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунлар талабларига риоя этилиши ҳамда «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ижроси аҳволини ўрганиш натижасида соҳа идоралари фаолиятида 4469 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди.
Қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва айбдор масъул ходимларга чора кўриш ҳақида Соғлиқни сақлаш бош бошқармасига киритилган тақдимномага асосан олтита ноқонуний буйруқ бекор қилиниб, 16 нафар масъул ходимга интизомий жазо чораси қўлланилди.
Шулардан икки нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Бундан ташқари, 23 масъул ходимга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Улар суд қарорига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)