Ашхободда «Туркман-УзАВТО» хўжалик жамияти Uz-Daewoo маркасининг вориси бўлган янги Ravon бренди остидаги автомобиллар тақдимотини ташкил қилди. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Тадбирда енгил автомобиль ишлаб чиқарувчи GM Uzbekistan акциядорлик жамияти, Isuzu автобуслари ва ўрта қувватли юк машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «СамАвто» МЧЖ, юк машиналари, MAN маркаси остида махсус техника ва прицеплар ишлаб чиқарувчи ўзбек-немис қўшма корхонаси расмий вакиллари иштирок этди.
Шунингдек, тақдимотга маҳаллий соҳалар тузилмалари, мамлакатда рўйхатдан ўтган дипломатик миссия раҳбарлари, автомобиль ишқибозлари ташриф буюрди.
Тадбирда Ravon Gentra, Ravon Nexia R3 ва Ravon R4 моделлари тақдим этилди. Ишлаб чиқарувчи компания вакили автомобиль жаҳон стандартлари ва экологик талабларга жавоб бериши, кондиционер ва руль кучайтиргич билан жиҳозлангани, тежамкорлигини айтиб, унинг моделлари кенгайтирилишини қайд этди.
Тақдимотда, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи қишлоқ хўжалиги, қурилиш ишлари ҳамда коммунал хизматларга мўлжалланган автотехника намуналари ҳам кўрсатилди. Тадбир сўнгида Туркманистон ва ўзбекистонлик артистларнинг чиқишлари бўлди. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)