Журналист Садоқат Аллаберганованинг 2017 йил 8 февраль куни 68 ёшида юрак хуружидан оламдан ўтган Насиба Мақсудова ҳаётининг сўнгги лаҳзалари ҳақидаги ҳикояси «Darakchi.uz» нашрида эълон қилинди.
8 февраль куни тунда ижтимоий тармоқларда совуқ хабар тарқалган бўлса-да, «Насиба Мақсудова оламдан ўтди...» деган хабарга ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди. Бироқ, ўлим ҳақ...
20 декабрь куни суратга олиш ишлари бошланган «Дийдор ширин» кўрсатувининг Янги йилга бағишланган сони 21декабрнинг тонги 3:30 га қадар давом этди. Суратга олиш ишидан чарчаган бўлишига қарамай, 170 кишилик мухлислардан иборат байрам тадбирида Насиба Мақсудова Анвар Азимов билан биргаликда бошловчилик қилди. Ушбу тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг «Гулбадан»ига охиригача рақс тушган Насиба Мақсудова барчани лол қолдирганди. Лекин кутилмаганда, кечқурун инсульт ташхиси билан Тошкент Тиббиёт академиясининг жонлантириш бўлимига ётқизилди. 12 кундан сўнг эса палатага олинди. 30 кун шифокорлар назоратида бўлган Насиба Мақсудовага 28 январда уйга жавоб беришган.
Уйдагилари қатори мен ҳам ҳар куни шифохонага қатнадим. Шифокорларнинг «Ҳали ҳеч қайси таниқли одамнинг олдига бутун шаҳар ‘кўчиб’ келмаганди, Насиба опани шу қадар ҳурмат қилишар экан», деганида бошим осмонга етганди. Насиба опа ҳам ҳолидан хабар олиб келганлар билан диллашгани боис ва асли оптимист инсонлиги учун руҳи тетик эди. «9 февралда қизим Барнохон чет элдан келади, мириқиб суҳбатлашиб ўтирамиз. Худо хоҳласа, 8 март — Хотин-қизлар байрами»га бағишланган байрамона кўрсатув билан мухлисларга кутилмаган совға ҳам қиламиз. Борди-ю, улгурмасак, «Наврўз» байрамига бағишланган «Дийдор ширин» кўрсатуви, албатта, эфир юзини кўради», дея такрорлаган эди Насиба опа.Бир-икки қадам ташлаб, соғайишни бошлаган Насиба Мақсудова 8 февраль куни инфарктни бошдан ўтказди. Бир нечта шифохонага олиб боришган, сўнгги манзил Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлди. Кечга томон сухандон «Қорним очди, овқат олиб келинглар», деган. Ўғли Отабек овқатга кетиши билан соат 22:00 да ортидан шифокорлар қўнғироқ қилиб, нохуш хабарни айтишган...«Дийдор ширин» кўрсатуви продюсери Маъмура Юсупова
Олий тоифали диктор Насиба Мақсудова ҳаётини касбига бағишлаган жонкуяр, тиниб-тинчимайдиган, фидойи ижодкор эди. Ахир телевидениега илк қадам қўйганига 55 йил, диктор вазифасига ишга қабул қилинганига 50 йил тўлган. Бир неча юзлаб муаллифлик кўрсатувларини тайёрлаб, миллионлар қалбини забт этишга улгурган, сўнгги йилларда «Дийдор ширин» кўрсатуви орқали самимий табассуми билан томошабинлар хонадонига ғойибона ташриф буюриб, мухлисларини хушнуд этиш бахти насиб қилган кам сонли ижодкорлардан эди.
Самимияти билан юракларни забт эта олган сухандон нафақат касби, балки шахсий ҳаётидан ҳам бахт топа олганди. Насиба Мақсудова суҳбатларидан бирида болаларча беғуборлик билан келинлик даврини юзда табассум ила сўзлаб берганди: «Турмуш ўртоғим Анориддин Аминов билан илк бор Тошкент Давлат техника университетида учрашганмиз. Ўшанда укам архитектура факультетига ҳужжат топширган эди. Имтиҳонга киришдан аввал чизмачилик бўйича консултацияга кирди-ю, ёзиш учун қоғоз тополмади. Уддабурон эмасманми, қоғоз излаб деканатга кирдим. Қаршимдан чиққан йигит дарҳол ёрдам қўлини чўзди, ҳатто «Бирор муаммо бўлса, менга қўнғироқ қилинг», деб телефон рақамини ҳам берди. Орадан вақт ўтиб, укам ўқишга кирди. Бир куни пахта мавсумида қўлини синдириб келса бўладими? Табиийки, курсдошлари, домлалари укамни кўргани уйга келишди. Не кўз билан қарайки, деканатда учраган жингалаксоч, қиррабурун йигит яна қаршимда турибди. Кейин билсам, у йигит укамнинг домласи эмас экан. Айёрликни қаранг, фурсатдан фойдаланиб, оилам билан танишиш учун уйимга келган. Сўнг совчи жўнатди. Онам «Менга ишон, шу йигит сени бахтли қилади», дейишга тушдилар. Телевидениедаги устозим Тўлқин Олимовга ҳам онам «Бир йигитдан совчи келяпти, лекин Насиба кўнмаяпти», деган эканлар. Шунда Тўлқин ака «Мени ўша йигит билан таништириб қўй», деди. Анориддин ака, Тўлқин ака ва мен «Баҳор» ресторанига бордик. Улар худди ота-боладек гаплашиб кетишди. Устозим ҳамма билан ҳам гаплашиб кетаверадиган одам эмас эди-да. Ишга борганимда Тўлқин ака «Шу йигит сенга жуда мос. Бошқаси ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас», — деди. Онам, ишхонамдагилар янглишмаган экан, тақдирнинг менга берган энг катта мукофоти бу — турмуш ўртоғим! Вақт ўтиб, у киши мени камтарлиги, тўғрисўзлиги, бағрикенг ва очиққўллиги, илмга ташналиги билан ром қилган. Мени ўзига тортадиган сирли жозибаси нимада эканини ҳали-ҳануз тополмадим. Янги келинлигимда дугоналарим «Турмуш ўртоғим билан уришиб қолдим», дейишса, ҳайрон бўлардим. Чунки бизнинг хонадонда сира бундай вазият бўлмаган-да. Ҳалигача мени қадрлайди, меҳри, эътиборини аямайди. Чиройли кийинишимни, гўзал бўлишимни истайди. Уйда пардоз қилмай, сочимни турмакламай юрганимни кўрса, «Насибахон, бугун бир гўзаллик салонига бориб келсангиз бўларкан», дейди. Ҳатто туғуруқхонада ётганимда пардоз воситаларимни олиб келиб беришга ҳам эринмаган. Шунинг учун бўлса керак, ён-атрофимдагиларнинг бари менга ҳавас кўзи билан қарайди. Оила қурмасимдан аввал таниқли сухандонлар сафидан жой олишга улгургандим. Умр йўлдошим кечки дастурларни олиб борганимда ҳам мени тўғри тушунган. Фарзандимиз уч ойлик бўлганида ишга чиққанман. Шунда ҳам «Болага ўзим қараб тураман, эфирдаги матнингизни ёдлайверинг», дерди. Орамизда ишонч бўлгани учун ҳам касбим ва оилам билан боғлиқ муаммолар бўлмаган. Бирор марта касб байрамим билан табриклашни унутмаганлар. Эрта тонгдан иш столим устига пул солинган конверт қўйиб қўяди ва кўнглимга ёққан нарсани харид қилишимни айтади. Кейин бағрига босиб, юзимдан ўпиб: «Хоним, касб байрамингиз муборак бўлсин!», дейди. Тўй кунимиз, туғилган кун каби саналардан ташқари, ФҲДЁдан ўтган кунимизда ҳам бир даста гул билан уйга кириб келади. Бундай эътибордан хурсанд бўлмаслик мумкинми?!».
Ҳавас қилгулик ижод ва ҳаёт йўлини босиб ўтган севимли сухандон Насиба Мақсудова 2 қиз, 1 ўғил: Барнохон, Отабек ва Гўзалхоннинг онаси, 8 набиранинг бувиси эди.
Ҳеч ким беназир эмас, лекин бетакрорлар борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Олий тоифали сухандон, «Шуҳрат» медали ва «Олтин қалам» мукофоти соҳибаси, энг муҳими самимияти ва ўзига хос табассуми билан юракларни забт эта олган Насиба Мақсудова ана шундай инсонлардан бири эди. Шундай экан, севимли сухандон миллионларнинг қалби ва хотирасида мангу барҳаёт!
Нохуш хабарни эшитиб, ўзимга келолмаяпман. Тушга қадар расмларимизни томоша қилиб, хотиралар «олами»га кириб кетибман. Насиба опа билан 1991 йил телевидениеда иш бошлаганимда танишгандим. «Ассалом, Ўзбекистон», «Дийдор ширин» кўрсатувларида биргаликда бошловчилик қилганмиз. Ниҳоятда қувноқ, меҳрли, меҳмондўст, ҳаммани бирдек кўрадиган, киришимли инсон эди. Уйланганимда ҳам туғишган опамдек елиб-югуриб хизмат қилганди.Толибжон Исроилов, телебошловчи ва хонанда
Насиба опа билан 2014 йил декабрдаги «Дийдор ширин»нинг байрам сонидан биргаликда иш бошлагандик. Минг афсуски, биргаликдаги сўнгги ишимиз ҳам 2016 йил якунидаги Янги йил байрам дастури бўлди. Шу қадар ғайратли эдиларки, ёшлар билан баравар ишлардилар. Жуда меҳрибон, қувноқ, табассум ва ширинсўз улашишдан чарчамасди, ишдан завқ олардилар. Касаллик билан курашаётган вақтлари ҳам хаёллари иш режалари билан банд эди. «Анвар, насиб бўлса, ‘Наврўз’ сонини ёзамиз!», дегандилар, ҳаётни севардилар. Насиба опа, яна беш йил ишласак, зўр бўларди, десам, «Ҳали яна 15 йил ‘Дийдор ширинъда бирга ишлаймиз!», дегандилар...Маълумот ўрнида, Насиба Мақсудова 1948 йилнинг 12 апрелида дунёга келган. Тошкентдаги 20-мактабда таҳсил олган. Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. 1969 йил 18-сентябрда оила қурган. Турмуш ўртоғи Анориддин Аминов – профессор.Анвар Азимов, телебошловчи
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)